Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Янги таҳрирдаги Конституция: ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолати
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларнинг конституциявий ҳуқуқий асослари” мавзусида конференция ўтказилди.

Қуйи палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адвокатлар палатаси, Тошкент Давлат юридик университет талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда янги таҳрирдаги Конституцияда Миллий институтларнинг ҳуқуқий асослари, уларга яратилаётган имконият ва вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Бош қомусимиз Ўзбекистонда Миллий институтлар ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Конституциянинг 56-моддасида “инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”, деб белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари мақбуллаштирилди ва қонунчиликка таклиф киритиш институти жорий этилди. Яъни, Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ, Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ваколати берилди.

Бу ўз навбатида, Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш ва аниқланган тизимли муаммоларни ўрганиш асосида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича фаолиятига туртки бўлди.

Конференцияда сўз олганлар сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада конституциявий-ҳуқуқий, қонунчилик, институционал ва амалий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилганлигини қайд этдилар.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгилангани, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, инсон ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар сони 3 баравардан ортиққа ошгани эътироф этилди.

Мамлакатимизда халқчил давлат қуриш йўлида амалга ошираётган ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий заминга, энг муҳими, халқимиз иродаси ва манфаатларига таянишидан далолат эканлиги таъкидланди.

Якунда талаба ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, фракциялар, қўмиталар, шунингдек, кутубхона ва музей фаолияти билан яқиндан танишди.

parliament.gov.uz