Мониторинг давомида мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича айрим туманлараро пунктларида бир қатор салбий ҳолатлар аниқлади. Хусусан, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича айрим туманлараро пунктларининг хоналари таъмирга муҳтож ҳолда ва белгиланган талаб даражасида ташкил этилмаган, ҳожатхона ва ювиниш хоналарида шароитлар яратилмаган ҳамда Булунғур туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги ҳушёрхоналарнинг баъзиларига вентиляция тизими ўрнатилган бўлсада, уларнинг ҳеч бирида бу тизимлар ишламаслиги ва бошқа камчиликлар аниқланган. Шунингдек, ушбу пунткларнинг айримларида муддати ўтган дорилар ҳам сақлаб келинган.
Аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Омбудсман томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилди.
Тақдимнома ижроси бўйича олинган маълумотларга кўра, Ургут туманлараро пунктига видеокузатув камералари ўрнатилиб, ишга туширилган. Пайариқ ва Пахтачи туман пунктида 10 та койкали жой ташкил этилган. Каттақўрғон пунктининг ҳожатхона ва ювиниш хоналарида беморлар учун шароит яратилиб, ичимлик суви тармоғига уланиб, сув таъминоти йўлга қўйилган. Пахтачи туманлараро пунктида таъмирлаш ва муассаса ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, Тойлоқ, Пайариқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳри туманлараро пунктларидаги муддати ўтган дори воситалари йўқ қилиниб, ўз ишига совуққонлик билан қараган 3 нафар масъул ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий таъсир чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Тақдимномада кўрсатилган фактлар ҳушёрхоналарга қайта мониторинг ташрифларини амалга ошириш орқали тасдиқланган. Вентиляция тизими билан боғлиқ ҳолат Омбудсман назоратида турибти.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати