Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида пенитенциар муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини режалаштириш ва ўтказиш методологияси
2023 йилнинг 25-26 декабрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида пенитенциар муассасаларига мониторинг ташрифларини режалаштириш ва ўтказиш методологияси” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ҳамда унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. “Омбудсман плюс” модели асосида тузилган МПМ доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бошчилигида унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва ОАВ иштирокида мунтазам равишда пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказиб келинмоқда. Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, меҳнат шароитлари ва уларга бўлган муносабат ўрганилади.

Ушбу семинарга БМТ тизимида айнан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш йўналишида кўп йиллик тажрибага эга халқаро эксперт Виктор Захария жалб қилинди. 2 кунлик семинар давомида иштирокчилар маълумот тўплаш, шароитларни стандартларга мувофиқлигини баҳолаш, маҳкумлар (маҳбуслар) ва ходимлар билан суҳбатлар ўтказиш ва шикоятларни кўриб чиқиш ва ўрганиш ҳамда бошқа мавзуларда билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати