Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман фаолияти илмий жиҳатдан кучайтирилади: Вакил ҳузурида Илмий-маслаҳат кенгаши тузилди
Маълумки, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид ечимини кутаётган муаммолар айнан мурожаатлар билан ишлаш бўйича кундалик амалиётда, мониторинг ташрифлари ва ўрганишларида юзага чиқади. Ушбу ҳолатларни чуқур илмий таҳлил қилиш ва хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда қонунчилик таклифларини ишлаб чиқиш Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда ҳаётий ва халқчил тамойиллар устувор аҳамият касб этса, уни амалиётга татбиқ қилиш ҳам самарали кечади. Шу нуқтаи назардан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида илмий асосланган маслаҳат ва тавсиялар бериш, давлат органлари ва идоралари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилишда ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида Илмий-маслаҳат кенгаши тузилди.

Кенгаш таркибига инсон ҳуқуқлари соҳасида катта амалий тажриба, зарурий билим ва кўникмаларга эга профессор-ўқитувчилар, олимлар ва экспертлар киритилди.

Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари Вакилнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасидаги концептуал ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш билан бирга унинг Ўзбекистоннинг соҳага оид қонунчилигини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда, амалдаги қонун ҳужжатларини ва қонун ҳужжатлари лойиҳаларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида мустақил экспертизадан ўтказиш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳолатини таҳлил қилиш, соҳага оид муаммолар, шу жумладан, Омбудсманга келиб тушган мурожаатларда қайд этилган муаммолар бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этиш ва бошқа вазифаларини амалга оширишида Омбудсманга кўмаклашишади.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати