Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган "Омбудсман мактаби" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир жорий йилнинг 24 январь куни Самарқанд вилоятидаги Пастдарғом тумани, "Боғишамол" МФЙ ҳудудида жойлашган 118-мактабда ўтказилди. Тадбирда мазкур ҳудудда жойлашган маҳаллалардан жами 600 га яқин фуқаро қамраб олинди.
Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари иштирокчиларни фуқаролар бандлигини таъминлаш, мобил хизматлардан фойдаланиш, имтиёзли кредитлар олиш, контракт шартномаси асосида ўқиётган талабалар учун 12% лик даромад солиғини қайтариб олиш тартиблари, пенсия таъминотини ташкил этиш бўйича белгиланган қонун ҳужжатларининг мазмуни билан таништиришди.
Тадбирга Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳам жалб этилиб, 15 нафар маҳалла фаоллари ва ёши улуғ фуқароларга Тошкент шаҳрига 3 кунлик бепул саёҳат учун сертификатлар, маҳаллада тикувчиликни ўрганган 1 нафар фуқарога тикув машинаси, 20 нафар ногиронлиги бор фуқароларга 5 та ногиронлик аравачаси, 12 та ҳасса ва 3 та қулоқ учун овоз кучайтиргич мосламалари берилди.
Шу куни Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар қабули ўтказилди.
Омбудсман мактаби доирасида Вилоят бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлар ярмаркаси ташкил этилди ҳамда Адлия бошқармасининг давлат хизматлари маркази вакиллари томонидан “Боғишамол” МФЙдаги 42 нафар фуқароларга хизмат кўрсатди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги 16 нафар мутахассислар жалб этилган ҳолда 540 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати