Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Нукусдаги тергов ҳибсхонасига қайта мониторинг: ИИВга киритилган Омбудсман хулосасида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилдими? 
2024 йилнинг 26 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили ва Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Қайд этиш лозимки, 2023 йилнинг ноябрь ойида мазкур ҳибсхонада ўтказилган мониторинг ташрифида аниқланган ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлигига Омбудсман хулосаси киритилган эди. Бу галги ўрганишларда мазкур хулосанинг бажарилиш ҳолатлари ўрганилди.

Маълум бўлишича, ҳибсхонада сақланаётган шахслар учун ажратилган ювиниш хоналарида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция) янгидан қурилган, ювиниш хонасининг санитария-гигиена ҳолати тиббиёт бўлими ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган ва ёритиш чироқлари замонавийларига алмаштирилган.

Шунингдек, ҳибсхонанинг хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар шароитларини яхшилаш, жумладан узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этиш ва бошқалар бўйича лойиҳа сметаси ишлаб чиқилганлиги маълум бўлди. Қурилиш ишлари 2024 йил II-чорагида тугатилиши режалаштирилганлиги сабабли ушбу муассасага қайта мониторинг ўтказилади.

Мониторинг ташрифида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ўрганилди ва тегишли тавсиялар берилди.

Шу билан бир қаторда, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлашилди. Омбудсманнинг минтақавий вакилига якка тартибда мурожаат қилиш истагида бўлган шахслар мурожаатлари ҳоли тарзда қабул қилинди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати