Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари сенаторлар назоратида
Жорий йил 28 февраль куни бўлиб ўтган Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси навбатдаги мажлисида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш масаласи муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳудудда жорий йилда 120 мингдан ортиқ аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлигини таъминлаш, қиймати 6,5 трлн сўмлик 421 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, аҳолини бизнесга жалб қилиш, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш, аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, норуда фойдали қазилма конлари ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион савдоларига чиқариш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланди.

Қўмита мажлисида биохилмахилликни асраш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлари ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, амалга оширилган ишлар натижасида республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 млн гектарга етказилиб, мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.

Сенаторлар томонидан келгусида биохилмахилликни асраш, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва умуман экологик вазиятни яхшилашда жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш, соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Мазкур масала муҳокамаси якунида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи таҳлил қилинди.

2023 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар 18622 тани ташкил этиб, 316 таси экологик ҳуқуқ мурожаатларни ташкил этган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Экологик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишидаги 316 та мурожаатнинг 128 таси назоратга олиниб, ўрганиб чиқилган.

Мурожаатларнинг 137 таси шаҳарсозлик норма ва қоидалар бузилиши, 89 таси санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этмаслик, 85 таси тоза атроф муҳитга бўлган ҳуқуқ, 5 таси экологик ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиши билан боғлиқдир.

Жумладан, Тошкент шаҳридан келиб тушган 75 та мурожаатнинг 57 таси шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг бузилиши, 10 таси тоза атроф муҳитга бўлган ҳуқуқнинг таъминланмаганлиги, 8 таси санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этилмаслик ҳолатларига тўғри келган.

Наманган вилояти Наманган шаҳри Давлатобод туманида яшовчи фуқароларнинг мурожаатида “Наманган-Истиқлол Боғи” МЧЖга тегишли бўлган “Темир-бетон ишлаб чиқариш” корхонаси атроф муҳитга ва фуқаролар соғлиғига зарар етказаётганлиги, Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 3 ноябрда МЧЖ фаолиятини тўхтатиш бўйича қарори бўлса-да, корхона фаолиятини 2023 йилнинг куз ойларигача давом эттириб келганлиги қайд этилган.

Мурожаат Омбудсман томонидан ўрганилганда “Темир-бетон ишлаб чиқариш” корхонасига экологик экспертиза хулосаси берилмаганлиги аниқланган.

Ушбу масала Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорликда ҳар томонлама ўрганилган ҳамда ечимини топган.

Мажлис сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати