Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Самарқанднинг чекка ҳудудида яшовчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган "Омбудсман мактаби" лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир 2024 йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидаги “Бурқут” МФЙ аҳолиси учун ўтказилди.

Шу куни Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар қабули ташкил этилиб, 20 нафарга яқин фуқаро мурожаатлари қабул қилинди.

Тадбирга Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳам жалб этилиб, 8 нафар “Аёллар дафтари”да турган фуқароларга Хоразм вилоятига апрел ойида борилиши режалаштирилган 3 кунлик бепул саёҳат учун сертификатлар топширилди ҳамда 8 нафар ногиронлиги бор фуқароларга 2 та ногиронлик аравачаси, ҳасса, қулоқ учун овоз кучайтиргич мосламалари ва қўлтиқтаёқлар берилди.

“Омбудсман мактаби” доирасида Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда 60 га яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари бўйича 28 нафар фуқарони туман ва вилоят даражасида соғломлаштириш, жумладан, 5 нафар фуқарога бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш чораларини кўриш белгиланди. Шунингдек, аҳолига 10 турдаги дори воситалар бепул тарқатилди.

Шу билан бир қаторда, Адлия бошқармасининг давлат хизматлари ходимлари томонидан 14 нафар фуқарога мобил хизматлар кўрсатилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати