Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (омбудсман) 2023 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди
Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, Омбудсман институти 2023 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган. Жумладан, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар орқали ижобий натижаларга эришилган.

2023 йилда Омбудсман томонидан мурожаатлар асосида фуқаролар манфаатига ундирилган ҳамда ундирилиши белгиланган маблағ 2 млрд. 150 млн.сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 та даъво ариза киритилган, 10 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган.

2023 йилда Омбудсманга юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 та  жиноят иши қўзғатилган бўлса, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган. 57 та ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 29 нафар ходимга интизомий жазо қўлланган ва 17 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Муҳокамалар жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича таъсир чоралари кўрилганлиги, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари сони ошганлиги қайд этилиб, айниқса ОАВ ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган қийноқ ҳолатлари билан боғлиқ хабарларнинг ўрганилиши ва уларга тезкор муносабат билдирилиши ижобий баҳоланди.

Мажлисда қайд этилишича, 2023 йилда Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячиларидан (адвокатларидан) 2662 та мурожаат келиб тушган. Шундан 984 таси ёки 37,0 фоизи бевосита маҳкумлар (маҳбуслар) мурожаатларидир.

Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 57 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилган, 17 нафар айбланувчига танланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилган. Шунингдек, Омбудсман мурожаатига асосан 19 нафар маҳкум истисно тариқасида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси бўйича тадбирлар республикамизнинг 54 та туманида ташкил этилган. Лойиҳаси доирасида маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилгани, “Ишга марҳамат” мономарказлари билан ҳамкорликда “Меҳнат ярмаркалари” ташкил этилгани ва аҳолига бепул мобил хизматлар кўрсатилгани қайд этилиб, унинг самарадорлигида келиб чиқиб, кейинги йилларда имкон даражасида барча туманларни қамраб олиш сенаторлар томонидан тавсия қилинди.

Мажлисда Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Муҳокамалар жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш бўйича таъсир чоралари кўрилгани, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари сони ошгани қайд этилди. 

Айниқса, ОАВ ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган қийноқ ҳолатлари билан боғлиқ хабарларнинг ўрганилиши ва уларга тезкор муносабат билдирилаётгани ижобий баҳоланди. 

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Омбудсман фаолияти юзасидан айрим таклифлар билдирилди. 

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати