Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хоразм ва Андижон вилоятларидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларидаги шароитлар ўрганилди
2024 йилнинг 5 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ташрифида интернат уйида васийликка олинган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, учрашув ва ювиниш хоналари ҳамда тиббий хизматдан фойдаланиш сифати ўрганилди.

Аниқланишича, васийликка олинган шахсларга аутсорсинг асосида кунига 4 маҳал иссиқ овқат берилади. Лекин, ошхона ва муассасанинг баъзи қисмлари таъмирга муҳтож ҳамда канализация билан боғлиқ ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд.

Жорий йилнинг 4 апрель куни Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гульнора Абдувоҳидова томонидан Избоскан туманида жойлашган Чуама “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйидаги шароитлар ҳам ўрганилди. Мониторинг ташрифида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси, Халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгаши вакиллари ҳам иштирок этишди.

Интернат уйида яшовчи фуқароларнинг яшаш хоналари кўздан кечирилди ва мулоқотга лаёқатлилари билан якка тартибда суҳбатлашилди.

Суҳбат давомида Мурувват уйида яшовчи аксарият қарияларга стоматологик хизматлар кўрсатиш зарурати мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, муассасада ногиронлиги бўлган шахсларнинг дам олишлари, сайр қилишлари ҳамда бўш вақтларида ўзлари ёқтирган қўл меҳнатлари билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар билан ҳам танишилди.

Хоразм ва Андижон вилоятларида ўтказилган мониторинг ташрифлари якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати