Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганилди.
Омбудсманга тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 7 апрель куни соат 20:00ларда марҳумнинг турмуш ўртоғи эрининг уйга маст ҳолатда келиб, жанжал қилаётганлиги ҳақида Чортоқ тумани ИИБ профилактика инспекторига хабар қилган.
Профилактика инспектори мурожаатни жойига чиқиб ўрганган ва марҳумни ҳушёрлантириш мақсадида Янгиқўрғон туманида жойлашган марказий шифохонага олиб борган. Профилактика инспектори тегишли ҳужжатлар ва далолатнома расмийлаштирган ҳолда марҳумни соат 21:58да ҳушёрхонага топширган.
Марҳум И.У 2024 йил 8 апрель кунига ўтар кечаси соат 00:45ларда ушбу ҳушёрхонанинг дарчасидаги темир панжарасига чойшабдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи бўйин соҳасидан осиб, ўз жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган.
Омбудсманга тақдим этилган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиали Янгиқўрғон туманлараро бўлинмасининг дастлабки маълумотномасига кўра, У.И.нинг ўлими “бўйин соҳасининг сиқилишидан келиб чиқадиган механик асфикция, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги” оқибатида содир бўлган. Унинг танасида “бўйин қисмидаги стронгулацион эгат”дан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура идоралари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу куниёқ Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари ва яқинлари билан суҳбатлашди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати