Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Иккинчи кун: Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда иштирок этмоқда.

Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари фаолиятини кучайтириш ва ўзаро тажриба алмашишга қаратилган халқаро тадбирнинг иккинчи кунида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон ҳамда Туркманистон Омбудсманлари фаолиятининг муҳим жиҳатлари ва эришилган натижалари ҳақида маъруза қилишди.

Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг қонуний ваколатлари, асосий фаолият йўналишлари, мурожаатлар билан ишлашдаги янги механизмлар, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда халқаро майдонда "А" статусини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ўтказиладиган мониторинг ташрифларининг аҳамияти ҳамда уларда жамоатчилик вакиллари ва ОАВнинг иштирок этаётгани мамлакатдаги очиқлик сиёсатига мос эканлигига эътибор қаратди.

Марказий Осиё Омбудсманларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолиятларига бағишланган сессия ўзаро савол-жавоблар ва қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди.

Халқаро тадбир ўз ишини 19 апрелга қадар давом эттиради. Тадбир доирасида иштирокчилар Финляндия Омбудсмани офиси, Финляндия Олий маъмурий суди ва Бош прокуратурасига ташриф буюриб, улар фаолияти билан яқиндан танишишади.

Шунингдек, Финляндиядаги жазони ижро этиш муассасаларидаги шароитлар ҳам ўрганилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати