Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларининг чекка ҳудудларида яшовчи фуқаролар мурожаатлари ўрганилди
Ҳозирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) топшириғига асосан унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи фуқаролар билан учрашилиб, улар мурожаатларини тизимли равишда ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқатаи назардан, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида маҳаллалар кесимида мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан фуқаролар учун навбатдаги сайёр қабуллар Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ҳамда Тошкент вилоятининг Чиноз ва Оққўрғон туманларида ўтказилди.

Мазкур қабулларда минтақавий вакиллар томонидан 30 нафарга яқин фуқаролардан уй-жой, коммунал хизмат, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид мурожаатлар қабул қилинди.

Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар мунтазам равишда ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш зарурати бўлган ва ҳудуд учун долзарб бўлган масалалар танлаб олинади. Мазкур масалалар асосида тегишли давлат ташкилотлари ва идоралари вакиллари жалб этилган ҳолда “Омбудсман мактаби” тадбирлари ташкил этилади.

Сайёр қабуллардан сўнг, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги “Бўстон”, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги “Кончилар” ва Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Бирлик” ҳамда  Оққўрғон туманидаги “Толовул”, ”Уста Нормат”, “ХонободМФЙ ҳудудларида  фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбирлари ҳам ташкил этилди.

Жами 300 нафардан ортиқ фуқаролар қамраб олинган тадбирларда дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва  аҳамиятига тўхталди. Шунингдек, фуқароларнинг аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш борасидаги имконият ҳамда  имтиёзлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш ҳамда замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб қилиш борасида аҳоли хабардорлиги оширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати