Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 1021-моддасида Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депутатлари, маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари кириши белгиланган.
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мезонлари бўйича комиссия йиғилишларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий равишда иштирок этишмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги 51-сон манзил-колониясида бўлиб ўтган Комиссия йиғилишида Омбудсманнинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили Бахтиёр Машарипов иштирок этди. Унда колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан 166 нафарига ўрнатилган тартибда хулосалар расмийлаштирилган.
2-сон тергов ҳибсхонасида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлымбетов иштирокида ўтказилган Комиссия йиғилишида хўжалик ишларида қолдирилиб жазо муддатини ўтаётган, маҳкумлардан 4 нафарига хулосалар берилган.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнованинг маълум қилишича, 2024 йилнинг 1 чорак давомида 1-сонли колонияда ўтказилган Комиссия йиғилишларида 576 нафар маҳкум тузалиш йўлига ўтган, 62 нафари эса ўтмаган деб хулоса берилган.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили ҳам вилоятдаги барча жазони ижро этиш муассасаларида ўтказиладиган Комиссия йиғилишларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. 2024 йилнинг 1-чораги давомида ушбу ҳудуддаги 4-, 5-, 11- ва 12-сон жазони ижро этиш колониялари, 36-сон манзил колонияси ҳамда тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумларнинг 4150 нафарига тузалиш йўлига ўтган ва 903 нафарига эса ўтмаганлиги бўйича Комиссия хулосалари расмийлаштирилган.
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги бўйича хулоса қилишда уларнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши, жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳкумларнинг муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, унга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилгани ва интизомий жазо чораси қўлланилмагани каби мезонлар ҳам кўриб чиқилди.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати