Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро Т.Р.га тегишли бўлган ер майдони 7 сотихни ташкил этиб, у кўчанинг ташқи томонига 1 хонали уй қурган. Ушбу уйга 2021 йилдан буён кадастр ҳужжатларини расмийлаштира олмаган. Унинг ёзишича, кадастр бўлимларига қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилмаган.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат унинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан тегишли давлат ташкилотларидан ишчи гуруҳ тузилган ҳолда жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганишлар давомида мурожаатчи уйи жойлашган ер майдонидан катта кучланишдаги симлар ўтгани, ер майдонидан фақатгина экин экиб фойдаланишга рухсат берилгани ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштириш мумкин эмаслиги аниқланди.
Натижада фуқаро T.Р.гa унинг уйига яқин ва ҳозирда фойдаланилмаётган ҳудуднинг маълум қисмини қонуний йўл билан сотиб олиб, уй-жой қуриш юзасидан тавсиялар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари устидан келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари ва қонунчилик доирасида кўриб чиқади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати