Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мактабларда жорий ўқув йилидаги сўнгги “Омбудсман соатлари” ўтказилди
Хабарингиз бор, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш учун республикамиз бўйлаб “Омбудсман соати” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу дарслар ноанъанавий, креатив, қизиқарли ўтказилиши учун Омбудсман томонидан видеодарслар тайёрланган.

Ўқув йили якунлари арафасида Наманган вилоятидаги 2- ва 86-сонли, Хоразм вилоятидаги 30-сонли, Бухоро шаҳридаги 13-, 31- ва 43-сонли, Сирдарё вилоятидаги 25-сонли, Навоий вилояти Конимех туманидаги 1-, 7-, 9- ва 22-сонли, Ғозғон шаҳридаги 1- ва 2-сонли ҳамда Нурота туманидаги 7-сонли, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактабларида “Омбудсман соати” дарслари ташкил этилди.

Эркин мулоқот шаклида ўтган дарсларда юқори синф ўқувчиларига инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мазмун-моҳияти, қадр-қиммати, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Шунингдек, Омбудсманлар ҳаётий вазиятларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ўқувчиларга видеороликлар асосида интерактив усулда маълумотлар берилди.

Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан ўтказилган амалий машғулотлар ўзаро савол-жавоблар ва қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди. Ўқувчилар иштирокида ўтказилган ролли ўйинлар ёрдамида “Омбудсман дарс”лари янада эсдақоларли бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати