Мониторинг давомида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш жойлари, ошхона, тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими ва узоқ муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилди.
Шу куни мазкур ёпиқ муассасада сақланаётган барча шахслар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида тергов ҳибсхонасига хирург, гинеколог, терапевт, психиатр, окулист, эндокринолог каби 10 нафарга яқин тор доирадаги шифокорлар гуруҳи жалб этилди. Шунингдек, маҳкум ва маҳбуслар ультратовуш текшируви (УТТ), ЭКГ ҳамда рентген ускуналари ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шу билан бир қаторда, Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили маҳбус ва маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлашиб, муассасадаги шароитлар бўйича фикрларини ўрганди ва мурожаатларини қабул қилди.
Мониторинг якунларига кўра, Омбудсман минтақавий вакилининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялари билдирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати