Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, Омбудсман институтлари ижро органлари ўз вазифалари қай тарзда самарали бажараётганини фуқаролар мурожаатлари орқали ўрганиб, бу ҳақда ҳукуматни хабардор қилади.
190 дан ортиқ мамлакатларда Омбудсман лавозими жорий этилган. Уларнинг ваколат вазифалари бир хил. Омбудсманлар фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилиши бўйича давлат органларига тавсиявий ҳарактердаги таъсир чораларини киритишади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Қонуннинг 10 моддасига кўра, Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Яъни ҳуқуқларингиз бузилса, аввал ушбу соҳани тартибга солувчи тегишли вазирлик ва идорага ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз керак. Чунки улар ўз фаолиятлари доирасида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга масъулдирлар. Агар фуқаро Республика даражасида фаолият юритувчи мансабдор шахсларгача чиқиб ҳам ўз мурожаати билан боғлиқ муаммони ҳал эта олмаса ёки мурожаати етарлича эътиборга олинмаса, Омбудсманга мурожаат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман фуқаролар ўртасидаги низоли масалаларни кўриб чиқмайди. Бу каби масалалар суд тартибида кўриб чиқилади.
Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.
Шунингдек, Вакил фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича давлат ташкилотларига тақдимномалар, фуқаролар манфаатида судларга давлат божи тўламасдан даъво аризалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига қонун ҳужжатлари ва уларнинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан масалалар киритиш ва бошқа ҳуқуқига ҳам эга. Конституцияга мувофиқ Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига киритиш ҳуқуқи берилган.
Хорижий тажрибага назар солсак кўплаб давлат Омбудсманлари нафақат озодликда, балки, маҳкумлар мурожаатларини ҳам ўрганади.
2019 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. Шундан буён, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитлари ва мурожаатлари ўрганилади.
Хулоса ўрнида айтганда, Омбудсман институтларнинг фаолияти, шубҳасиз, давлатнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати