Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган. Шундан сўнг, 2004 ва 2017 йилларда янада такомиллаштирилган.
Маълумки, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор мутлақо янги босқичга кўтарилди. Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Омбудсман институтининг фаолият йўналишлари ҳам такомиллашиб бормоқда.
Маълумки, ўтган йиллар мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2021 йилнинг 26 июнида қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан Омбудсман ҳузурида Жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва уларга ёпиқ муассасаларда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги Фармонига мувофиқ 2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юрита бошлади, мурожаатлар билан ишлаш тизими рақамлаштирилиб, фуқароларга қўшимча имкониятлар яратилди. Конституция асосида Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига киритиш ҳуқуқи берилди.
Ўз-ўзидан ушбу ислоҳотлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонунни, юқоридаги ҳужжатлар асосида янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирди.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 9 боб, 56 моддадан иборат. Қонун лойиҳаси билан Омбудсманнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда унда Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонида биринчи ўқишда қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати