Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкум соғлиғи туфайли ўталмаган жазо муддатидан озод қилинди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 июль куни Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан Қўнғирот туманидаги 27-сон Манзил колониясига амалга оширилган мониторинг ташрифи давомида мазкур колониядан Қўнғирот туман Тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлимига ётқизилган маҳкум  Ж.Қ.нинг аҳволидан хабар олиб, унинг соғлиғида жиддий муаммолар борлиги боис, шу куннинг ўзида бемор Нукус шаҳридаги республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология тиббиёт марказига даволаниши учун ётқизилган эди.

Шунингдек, Минтақавий вакилнинг сўровига асосан, 27-сон Манзил колония маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бошқармаси ва бошқа комиссия аъзолари иштирокида маҳкум Ж.Қ. жорий йилнинг 26 июль куни текширувдан ўтказилди. Текширув хулосасида маҳкумга “Сч с/з грудного отдела пищевода экзофития ф.роста. Лапаротомия, наложение гастростомы” ташҳиси қўйилди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 12/9-сонли қўшма Қарори билан тасдиқланган “Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхати”нинг 2.1-бандига асосан маҳкумнинг ўталмаган жазо муддатини ўташдан озод қилиш бўйича Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судига Омбудсманнинг илтимосномаси ва колония маъмурияти томонидан тақдимнома киритилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг жорий йилнинг 26 июль кунги ажрими асосида маҳкум Ж.Қ оғир касалликка чалинганлиги туфайли Ӯзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 75-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган жазо муддатидан озод қилинди.

Маълумот учун: Ӯзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 75-моддасига мувофиқ, ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати