Мазкур хабар Омбудсман томонидан назоратга олиниб, зудлик билан Омбудсман Котибияти ходимлари томонидан Жазони ижро этиш департаментининг Марказий ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилган ҳолда ўрганилди.
Мониторинг давомида, ушбу ҳибсхонада сақланаётган 50 дан ортиқ маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда, улар сув билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмаслиги, белгиланган тартибга кўра ҳафтада бир маротаба чўмилишлари ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматдан шикоятлари йўқлигини билдирдилар.
Шу билан бирга, мониторингда ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаши, овқатланиши, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ўрганилди.
Мониторингда ҳибсхона маъмурияти томонидан у ерда сақланаётган шахсларни доимий равишда сув билан таъминлаш мақсадида унинг ҳудудида сув етказиш учун 2,5 атмосферали қўшимча 12 та артезиан электр насослари ўрнатилганлиги ва барчаси соз ҳолдалиги маълум бўлди.
Қайд этиш жоизки, ҳибсхонада белгиланган меъёрдан ортиқ маҳбуслар сақланишига йўл қўйилиши ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идораларга муқаддам Омбудсманнинг хулосаси киритилган. Унга кўра, ҳозирги кунда ҳибсхона ҳудудида қўшимча бино қуриш режалаштирилган ва амалий ишлар бошланган.
Шунга кўра, Омбудсман томонидан ҳибсхона ҳудудида қўшимча бино қурилиши ишларини тез орада бошлаш ва сифатли якунлаш зарурати юзасидан мурожаат киритилади.
Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ушбу ҳибсхонага амалга оширилган мониторинг ташрифларида ҳамда “Омбудсман қути”ларидан келиб тушган мурожаатларда сув таъминоти, тиббий хизмат ва меъёрдан ортиқ маҳбуслар сақланишидаги муаммолар масаласида мурожаатлар келиб тушмаган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати