Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаронинг иқтисодий ҳуқуқи ҳимояланишига кўмаклашилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.А. олмаган кредити учун банк томонидан пеня ундириш ҳақида судга берилганлигидан норози бўлиб шикоят қилди. 

Мурожаатда қайд этилишича, 2021 йилда фуқаро Д.А. билан “Миллий банк” АЖ Бешариқ филиали ўртасида уй-жойни қуриш ва реконструкция қилиш учун 200 млн.сўм миқдорида кредит шартномаси имзоланган. Мурожаатчига ажратилган кредит пуллари банк масъул ходимлари томонидан талон-тарож қилиниб, қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилган.  

Шунга қарамай, Ўзбекистон “Миллий банк” АЖнинг Бешариқ филиали фуқаро Д.A.гa нисбатан олинмаган кредит пуллари учун Бешариқ туман прокуратураси томонидан олиб борилган тергов давомида депозит ҳисоб рақамида сақланиб турилган кунлар учун 30 млн.сўм миқдорида пеня ундириш бўйича даъво билан судга мурожаат қилган.
 
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ушбу ҳолат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди. 
 
Минтақавий вакил томонидан фуқаро Д.А.га судга унинг пластик картасидан асоссиз равишда ундирилган пулни қайтариш ҳамда кредит учун гаровга олинган мулкни таъқиқдан чиқариш тўғрисида қарши даъво ариза билан мурожаат қилинишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.  
 
Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан банкнинг даъвоси қаноатлантиришдан рад этилиб, фуқаро Д.А.нинг пластик картасидан ноқонуний ундирилган 2,4 млн.сўм миқдоридаги пул маблағларининг қайтарилиши ҳамда кредит учун гаровга қўйилган мулкнинг таъқиқдан чиқарилиши таъминланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати