Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг экспертлик гуруҳи аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳамда Парламент татқиқотлари институтининг масъул ходимлари иштирок этган навбатдаги Ишчи гуруҳ йиғилишида қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида қўмитага мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Қонунчилик палатаси қўмиталари, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб бораётган бир қатор фуқаролик жамияти институтлари томонидан лойиҳани янада такомиллаштиришга қаратилган 60 га яқин таклифлар келиб тушган.
Қонун лойиҳаси билан Омбудсманнинг Олий Мажлис палаталарига ҳисобот бериш институти бекор қилинмоқда. Янги махсус маъруза институти кириб келмоқда. Бунда, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маъруза тақдим этишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Махсус маъруза инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш бўйича хулоса ёки таклифлардан иборат бўлади.
Йиғилишда депутатлар томонидан махсус маъруза тақдим этилган субъектлар томонидан уни кўриб чиқилиши ва муддатлари кафолатларини белгилаб қўйиш таклифи илгари сурилди ва масъул қўмитага ушбу нормани такомиллаштириш вазифаси берилди.
Бундан ташқари, лойиҳага Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги алоҳида боб киритилиб, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиблари, шу билан бирга, Омбудсманнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишдаги ҳуқуқлари ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатлари акс этмоқда.
Йиғилиш якунида маcъул қўмитага лойиҳадаги моддалар ва улардаги нормаларни бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан мувофиқлаштириш, юридик техник жиҳатдан кўриб чиқиш, айрим моддаларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Лойиҳани такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.