Мониторинг ташрифи давомида мазкур ҳибсхонада сақланаётган маҳбусларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, адвокат билан учрашув хоналари, сайргоҳ ҳамда бошқа шароитлар ўрганилди.
Шу билан бир қаторда, вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муассасадаги шароитлар бўйича фикрлари эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг 2017 йил 14 август кунидаги буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидалари”га кўра, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари камераларида бир қаватли ёки икки қаватли каравотлар (ҳомиладор аёллар ва болали аёллар сақланадиган камераларда — фақат бир қаватли каравотлар), стол ва стул (ўриндиқ), озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар, кийим-бош учун илгич, радиоэшиттириш воситаси, ахлат қутиси, сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция), санитария тармоғи (полга ўрнатилган унитаз ва бет-қўл ювгич), иситиш тизими бўлиши керак. Лекин, мониторинг ташрифида Аниқланишича, ҳибсхонанинг камералари радиоэшиттириш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар, ўриндиқлар, кийим-бош учун илгич ҳамда сунъий шамоллатиш тизими билан таъминланмаган. Маҳбусларнинг маълум қилишича, чойшаб ва ёстиқ жилдлари ҳам мониторинг ташрифи куни алмаштирилган.
Шунингдек, мониторингда ҳибсхона ювиниш хоналари санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги ҳамда сайр қилиш майдони таъмирга муҳтож эканлиги маълум бўлди.
Мониторинг ташрифи якунларига кўра, юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар тайёрланди. Ушбу Омбудсман тавсиялари мутасадди вазирлик ва идораларга киритилади.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича таҳлилий маълумотлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати