Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун қабул қилинди
2024 йилнинг 17 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун 22 модда ва бир нечта прим моддалардан иборат эди. моддама-модда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси эса  8 боб, 57 та моддадан ташкил топган бўлиб, у ўтган йили қабул қилинган янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилган.

 Қонун лойиҳаси билан Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ҳуқуқий фаолияти ҳамда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларнинг доимий асосда ишлаши ва мониторинг ташрифларидаги иштироки белгиланмоқда.

Қолаверса, Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда, (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттирилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятининг ошишига, унинг ҳуқуқлари кенгайтирилишига ва мажбуриятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати