Мониторинг ташрифлари давомида ушбу ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасалардаги шароитлар, жумладан, яшаши жойлари, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари, учрашув ва ювиниш хоналарининг ҳолати, кутубхона ҳамда сайрга чиқиш жойлари кўздан кечирилди.
Шу билан бир қаторда, ушбу муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Мониторинг ташрифларида Республика клиник руҳий касалликлар шифохонасида озиқ-овқат маҳсулотларини санитария гигиена талабларига мос равишда сақланмаслиги ҳамда Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада муддати ўтган дори воситалари сақланаётганлиги аниқланди.
Омбудсманга хабар берилишича, аниқланган камчиликлар зудлик билан бартараф этилган. Кейинги мониторингларда айни жиҳатлар қайта текширилади.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича таҳлилий маълумотлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати