Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғонадаги  руҳий касалликлар шифохонасидаги беморлар манфаатида судга даъво ариза киритилди
Олий Мажлиснинг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили А.Камилов 2024 йил 20 сентябрь куни Фарғона вилояти 2-сонли рухий касалликлар шифохонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ўтказилган кунда 250 нафар бемор учун мўлжалланган мазкур муассасада 285 нафар шахс даволанаётгани аниқланиб, ташриф давомида уларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари, дорихона ва ҳудуддаги бошқа ҳолатлар ўрганилди.

Аниқланишича, беморларга аутсорсинг хизмати орқали кундалик таомномага асосан иссиқ овқат етказиб берилади. Тиббиёт бўлимида дори дармонлар етарли ва муддатлари ўтмаган.

Мониторинг давомида бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, беморларнинг зарур жихозлар билан етарли даражада таъминланмаган, дезинфекция ишларининг белгиланган талаблар асосида амалга оширилмаган. 

Шунингдек, шифохонда даволанаётган 14 нафар бемор билан жамоавий тартибда ҳамда 5 нафари билан якка тартибда суҳбатлашилди. Суҳбат давомида беморларнинг тиббий хизмат кўрсатиш, уларга бўлган муомала ва озиқ-овқат таъминоти ҳақида фикрлари ўрганилди. 

Ушбу шифохонага ўтказилган аввалги мониторинг ташрифида 3 нафар давлат қарамоғида бўлган беморнинг шахсига оид бирон-бир маълумотлари мавжуд эмаслиги ва хеч қандай хужжатларсиз даволаниб келаётгани аниқланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 октябрдаги 387-сонли “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида Қарори”га мувофиқ, 16 ёшдан ошган тиббий муассасадан ташқарида ва тиббий ёрдамсиз туғилган болага нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги маълумотнома расмийлаштирилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.

Шунга кўра, Омбудсман томонидан фуқаролар М.К., А.К. ва М.Ю.ларнинг туғилганлик фактини белгилаш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон шахар туманлараро судига киритилган ариза кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Мониторингда юқорида қайд этилган фуқароларга суд қарорига асосан расмийлаштирилган шахсга оид хужжатлари топширилди.

Мониторинг ташрифи якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хусусан, ҳудудда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати