Ҳолат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди. Ишчи гуруҳ таркибига Асака тумани ҳокимлиги, архитектор, Кадастр агентлигининг Асака туман бўлими, “Ахтачи” МФЙ раиси, ҳудудий профилактика инспектори жалб этилди.
Ўрганиш давомида дастлаб, қурилишга оид ҳужжатлар сўралганда тадбиркор томонидан улар тақдим қилина олмади. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Андижон вилояти Асака тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига Омбудсман сўрови киритилди.
Омбудсманга маълум қилинишича, мазкур қурилиш лойиҳаси бўйича Архитектура режалаштириш топшириғи тайёрланмаган, объект Бош бошқарма ҳузуридаги Архитектура шаҳарсозлик кенгашидан ўтказилмаган ҳамда тегишли рухсатнома олинмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги “Қурилиш соҳасига оид айрим маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга кўра, лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда келишмасдан бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш таъқиқланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқаро мурожаати ижобий ҳал қилиниб, аҳоли яшаш ҳудудига яқин масофада бошланган қурилиш ишлари тўхтатилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати