Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон Омбудсманлари талабалар билан учрашди
2024 йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида талабалар билан учрашув ташкил этилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон Омбудсманлари иштирок этиб, ҳар икки давлат Омбудсманлари талабаларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўз тажрибалари, халқаро ҳамкорлик ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий ёндашувлар ҳақида маълумот беришди.

Мазкур учрашув “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида бўлган талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда қайд этилишича, 3 йил давомида “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида 180 дан ортиқ аризалар келиб тушган. Суҳбат асосида талабалардан 60 нафари танлаб олиниб, улар университетда олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашган. Йил якунида энг фаол ишлаган клуб аъзоларини фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаш амалиёти ҳам жорий этилган. Ҳаттоки, 2023-2024 йилларда клуб аъзоларидан 4 нафари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га ишга қабул қилинган.

“Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф.Эшматова ҳамда Озарбайжон Республикаси Омбудсмани С.Алиевалар талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб беришди. Улар талабаларнинг саволларига жавоб берар экан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида ҳам фикр алмашдилар. Ушбу давра суҳбати орқали иштирокчилар Омбудсманларнинг ваколатлари ва уларга келиб тушаётган мурожаатлар, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши борасидаги халқаро ва миллий тажриба ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

 

Тадбир якунида “Омбудсман клуби”да фаол иштирок этган 2 нафар талабага Омбудсманга аъзолик картаси, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати