Ташриф давомида муассасада даволанаётган беморларга яратилган шароитлар, жумладан, интернат уйининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Аниқланишича, “Мурувват” уйига янги замонавий, тежамкор иситиш қазонлари ўрнатилгани ҳамда етарли кўмир захираси мавжуд.
Аввалги мониторинг ташрифида канализация билан боғлиқ камчиликлар аниқланган эди. Бу галги ўрганишда эскириб ишламаётган канализация тизимини реконструкция қилиш ишлари бошлангани маълум бўлди.
Муассасада сақланаётган даволанувчилар билан суҳбатлашилиб, уларнинг муассаса ходимларининг муносабати ва яратилган шароитлар ҳақидаги фикрлари ўрганилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 11-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Ташриф давомида муассасада сақланаётган маҳбус ва маҳкумларга яратилган шароитлар ўрганилди.
Мониторинг ташрифи доирасида маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари ҳам қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати