Тақдим этилган маълумотларга кўра, Омбудсман хулосасига кўра ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйидаги беморлар навбатдан ташқари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Стоматолог ва гинеколог шифокорлари жалб этилиб, беморларда аниқланган касалликларни даволаш чоралари кўрилган.
Шунингдек, мазкур муассасанинг ётоқ жойларини таъмирлаш ҳамда беморлар учун спорт майдончасини қуриш ишлари 2025-йил харажатлар сметасига қўшиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Омбудсман тавсиясига кўра, “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, беморлар учун қўшимча 100 ўринли янги ётоқхона, қишки спорт майдончаси, фаоллар зали ҳамда яқин ҳудудлардаги ногиронлиги бор шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш учун кундузги парваришлаш-реабилитация бинолари қурилиб фойдаланишга топширилган.
Бундан ташқари, Омбудсман томонидан жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Бухоро вилоятида жойлашган Махсус қабулхонага амалга оширилган мониторинг ташрифида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман талабномаси киритилган эди.
Омбудсманга маълум қилинишича, Махсус қабулхонага норматив ҳужжатларга мувофиқ, сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция) ўрнатилган, камераларга етарли даражада ёруғлик тушиши таъминланган ҳамда ётоқ жойлари янги кўрпа-тўшак билан таъминланган. Баъзи тавсиялар ижроси бўйича ишлар давом этмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати