Аввало, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Президентининг ўзбек тилидаги нутқи юртдошларимиз қалбида ғурур ва ифтихор уйғотди.
Иккинчидан, давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли анжуманда нафақат халқимиз, балки минтақамиз ва жаҳон ҳамжамияти учун ҳам долзарб бўлган халқаро ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш; Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш; БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш; БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш; 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш; Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш; Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш каби ташаббуслар халқаро ҳамжамият эътиборига тақдим этилди.
Президентимиз томонидан таъкидланганидек, қисқа муддатда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Фуқаролиги бўлмаган 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Гендер тенглик давлат сиёсатида устувор масалага айланди. Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда, БМТ шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми ўтказилди ва Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик янада мустаҳкамланмоқда. Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.
Сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошди. Бугун мамлакатимизда кечаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Янги Ўзбекистон шаклланмоқда.
Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятга юзланиб, “Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир” – дея мурожаат қилди.
Ушбу эзгу мақсад атрофида барчамиз бирлашайлик.
Улуғбек Мухаммадиев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)