Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар омбудсманининг 6 ойлик ахбороти эшитилди
Жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Парламент комиссиясининг аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий Марказ, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқулари бўйича вакили (омбудсман) ва Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) иштирок этишди.

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2022 йил 6 ойлик фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) А. Юнусова ахборот берди. Ахборотда келтирилишича боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Инсоният болага ўзида мавжуд бўлган энг яхшисини беришга мажбурдир. Давлат ва жамият миллий ва халқаро даражада болаларни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини таъминлаш тамойилларига риоя қилиши лозим. Ота-оналар, жисмоний шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларни тан олиши ва ҳурмат қилиши, шунингдек, болаларни алоҳида ҳимоя қилиши, уларнинг эркинликлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, соғлом ва нормал ривожланиши учун имконият ва шарт-шароитларни таъминлаши зарур.

Маҳаллий ва миллий даражадаги сиёсатни ишлаб чиқишда болалар ва ёшларни ўз манфаатларига таъсир қиладиган қарорларни қабул қилишда уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда жалб қилиш амалиёти ва механизмларини кучайтириш зарур, бу болалар ва ёшларнинг жамиятдаги иштироки учун ҳуқуқий базани кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, тингланиш ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда иштирок этиш имкониятини беради.

2022 йил олти ойи мабойнида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан жами 325 та мурожаатлар қабул қилинди. Шундан, шахсий қабулда 125 та, почта ва Омбудсманнинг Виртуал қабулхонаси орқали 146 та, “Ишонч телефони” орқали 54 та мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 48 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган. 189 та мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинлинларини таъминлаш юзасидан маълумотлар олишни сўраб 38 та хат давлат ташкилотларига юборилди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан мурожаатлар кўп қелмоқда.

Жумладан, алимент олиш ҳуқуқига доир 29 та мурожаатлар ўрганиш давомида бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилди. 2022 йил 6 ойи давомида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчиларга ота-оналаридан 389,3 млн. сўм алиментлари ундириб берилди.

Туғилганлиги қайд қилинмаётган ҳолат бўйича келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилди. Республика бўйича туғилганлиги қайд қилинмаганлар рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда ўз вақтида туғилганлик гувоҳномасини олмаган 215 нафар болаларга тегишли гувоҳномалар олиб берилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги Раҳбариятнинг топшириқларини ижросини таъминлаш борасида 5 та йўналишда идоралараро ишчи гуруҳлари таркибида фаолият олиб борди.

“2022-2030 йилларда Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ноинституционаллаштириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда муҳокама қилинмоқда. Стратегия бўйича олинган таклифлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) томонидан умумлаштирилиб, лойиҳага киритилмоқда.

 Мазкур Стратегиянинг ишлаб чиқилишидан асосий мақсад болаларни тарбиялаш тизимининг муассаса тарбиясига боғлиқлигини камайтириш, болалар ва уларнинг оилаларига жамоатчилик асосидаги ғамхўрлик қилишга ўтиш орқали ҳар бир боланинг хавфсиз ва ғамхўр оила муҳитида яшаш ҳуқуқларини таъминлашдир.

Республика бўйича 12,6 млн. нафар болалардан 64102 нафари (0,5%) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳисобланади. 64140 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалардан 62117 нафари оилаларда, 2023 нафари болалар муассасаларида тарбияланмоқда. 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалардан 3274 нафари васийликка, 810 нафари ҳомийликка, 305 нафари патронатга, 1114 нафари фарзандликка берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорлари қабул қилингандан бугунги кунга қадар 18 та болалар муассасаси фаолияти тугатилди.

Республикамиз ҳудудидаги ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 18 та муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказилди. Мониторинглар 6 та ҳудудда Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтқазилди. Мониторинглар давомида 100 га яқин фуқаролар билан учрашилди. 50 га яқин фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлашилди. Мониторингларда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан биргаликда жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишди.

 Ҳисоботда БМТнинг Болалар масалалари қўмитасининг 2021 йил 15 февралдаги қўшимча тавсиялари, шу жумладан зўравонлик қурбони бўлган болаларга қулай хизматларни тақдим этиш ва “Ишонч телефони”ни яратиш масаласига оид тавсиялар ижроси юзасидан маълумот тақдим этилди.

Парламент комиссияси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ахборотини маълумот учун қабул қилди.