Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фармон билан инсон ҳуқуқларини таъминлашда минтақавий вакилларнинг ўрни ва роли янада ошди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти 1995 йилда ташкил этилган бўлса, ўтган чорак асрдан ортиқ муддат давомида Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили сифатида жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқдаман.

Қайд этишим лозимки, Давлат раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан  ҳудудларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ масаслаларга эътибор кучаяди.  

Чунки Фармон билан Омбудсман институтига минтақавий вакилларнинг доимий асосда ишлаши учун ҳар бир худудга штат ажратилмоқда. Бу дегани ҳар бир ҳудуддаги фаолият юритаётган Омбудсман вакили кун давомида фуқаролар мурожаатлари билан ишлайди, мурожаатчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашади, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ҳудудларга мониторинг ташрифларини амалга оширади.

Биз жамоатчилик асосида ишлаганимизда ҳолатни ўз вақтида жойига чиқиб ўрганишга доим ҳам асосий ишимиздан ортиб вақт ажрата олмаганимиз сабабли мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари чўзилишига тўғри келарди. Эндиликда эса вазият буткул ўзгаради.

Қолаверса, минтақавий вакилларга кўплаб ваколатлар ҳам берилмоқда. Жумладан, улар фаолияти давомида ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра аризани (шикоятни) экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиши мумкин. Бу эса, мурожаатнинг янада объектив кўриб чиқилишига ва муаммони келтириб чиқарган масалаларга ойдинлик киритишга ёрдам беради.

Шунингдек, Фармон билан минтақавий вакил инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотларига монеликсиз кириши ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан зудлик билан қабул қилиниши белгилаб қўйилмоқда.

Қувонарли томони минтақавий вакилларга нафақат иш ўрни, балки етарлича ваколат ҳам ишониб топширилмоқда.

Омбудсманнинг миллий қонунчилик асосларини такомиллаштиришдаги иштирокининг тобора ортиб бораётганлиги ҳам Ўзбекистоннинг халқаро илғор тажрибаларни ўзлаштираётганлигидан далолат бермоқда.

Республикамизнинг давлат бошқаруви органлари ва идоралари Омбудсман мурожатига ҳурмат ва эътибор билан муносабат билдираётганини ҳам шу институт фахрийси сифатида қайд этишим лозим.

Эътиборлиси, Президентимиз Омбудсманнинг мамлакатда Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлаш, жамиятда демократик тамойилларни шакллантириш, фуқароларнинг даҳлсизлигини таъминлаш, бу соҳада ривожланган давлатлар тажрибаларини ўрганиш ҳамда жамият ҳаётига тадбиқ қилишдаги хизматларини муносиб баҳоламоқда. Юртбошимизнинг куни кеча қабул қилган Фармони ҳам фикримизнинг далилидир. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари мазкур ҳужжатни чин маънода тарихий аҳамиятга эга фармон деб баҳолаяптилар. Очиғи биз бундай эътиборни кутган эдик.

Айниқса, минтақавий вакиллар ушбу қабул қилинган Фармоннинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунган ҳолда ватанимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда қўлимиздан келган барча вазифаларни бажонидил бажаришга ҳаракат қиламиз.

Абдумуталиб АБДУЛЛАЕВ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили