Энг аввало, фуқаролар учун давлат идораларига мурожаат қилиш борасида катта қулайликлар яратилди. Президентнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди, ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” тасдиқланиши ҳам мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.
Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг “Йўл харитаси”, қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномаларини ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Фармонга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг нормалари талабларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Алоҳида таъкидлаш лозим-ки, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кенгашнинг 46-сессиясида биринчи марта иштирок этди ва маъруза қилди. Мазкур маъруза халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада баҳоланди.
Мазкур ҳужжатларда белгиланган мақсад ва устувор вазифалар ижросини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қайта-кўриб чиқиш ва уни тўлдириш долзарблигини белгилаб берди.
Дарҳақиқат, бугунги давр Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)дан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда янги даражага кўтаришни талаб қилар эди.
Шубхасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6312-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5163-сон Қарорининг қабул қилиниши янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатлар билан Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишдаги энг устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан:
Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида жамоатчилик асосида фаолият юритиб келган Омбудсманнинг минтақавий вакилларини доимий асосда йўлга қўйиш учун 2022 йил 1 январдан Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 14 та штат бирлиги ажратилиши Омбудсман институти фаолиятини такомиллаштиришдаги тарихий қадам бўлди.
Омбудсман минтақавий вакилларининг асосий вазифалари этиб, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш, ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши аҳволи бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар йили маъруза тақдим этиш кабилар белгиланди.
Шу ўринда хорижий мамлакатларнинг тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Арманистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Россия Федерацияси, Украина, Грузия демократик Республикаси, Португалия Республикаси, Польша Республикаси, Индонезия Республикаси, Покистон ислом Республикаси Омбудсманларининг минтақавий вакиллари ташкил этилиши, фаолият юритиши асослари ушбу давлат Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қонунчиликларида мустаҳкамланган.
Хусусан, Россия Федерациясининг ҳар бир субъектида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолият юритаётган бўлиб, “Россия Федерациясининг субъектларидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида”ги федерал қонун уларнинг ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилади. Функционал жиҳатдан эса, субъект омбудсманлари кенг ваколатлар билан таъминланганлиги эътиборлидир.
Қирғизистон Республикасининг 7 та вилоятида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолият юритиб, уларнинг ҳар бири 2-3 нафар ёрдамчи вазифасини бажарувчи штат бирликлари билан таъминланган.
Польша Омбудсман институтининг ташкилий тузилмаси бўйича, Гданск, Вроцлав ва Катовице шаҳарларида давлатнинг бир нечта “воеводстава”лари вакили сифатида тайинланадиган туманлараро минтақавий вакиллари ташкил этилган.
Бельгия қироллигида – федерация даражасида 2 та мустақил (алоҳида француз тили ва алоҳида нидерланд тилларида сўзлашувчилари учун) федерал омбудсман институти фаолият юритиб келмоқда, шу билан бирга Фламандия минтақасида мустақил Омбудсман институти, Валлония минтақасининг ҳам ўз Омбудсмани мавжуд. Шунингдек, Бельгиянинг немис тилида сўзлашувчи қисми ҳам ўзининг Омбудсманига эга. Бундан ташқари, Антверпен, Гент шаҳарларининг Омбудсманлари ҳам мавжуд.
Кўриниб турибдики, ҳозирги даврда Омбудсман институти мавжуд ривожланган давлатларнинг кўпларида минтақавий вакиллик институти самарали фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6312-сонли Фармонга мувофиқ, Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисга тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи ҳам кафолатланмоқда.
Бундай тажриба кўплаб хорижий давлат Омбудсманларида ҳам мавжуд. Чунончи, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Тожикистон, Финляндия, Польша, Украина, Грузия каби давлатларнинг Омбудсманлари инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича махсус ахборотлар тақдим қилиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари кафолатланишида Омбудсман институти учун жуда аҳамиятли ҳамда институт мақомини янги босқичга олиб чиқувчи функционал ваколатлардан бири бу Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиши ва уни Омбудсман тўғрисидаги қонунда мустаҳкамланишини назарда тутилиши ҳисобланади.
Ҳуқуқ назариясида хорижий давлат ва мамлакатимиз ҳуқуқшунослари томонидан қонунчилик ташаббусига қуйидагича таъриф берилган.
Қонунчилик ташаббуси – муайян органлар, нодавлат ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан қонунлар чиқариш масаласини қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш учун қонун чиқарувчи органга тақдим этиш ҳуқуқидир. Қонун чиқариш ташаббуси – қонун чиқариш жараёнининг илк босқичи. Ушбу жараён қизғин саъй-ҳаракатларга асосланади, улар натижасида қонун чиқарувчи органга қонунчилик юзасидан тегишли таклифлар киритилади, парламент эса мазкур таклифлар асосида янги қонун чиқариши, амалдагисини ўзгартириши ёки бекор қилиши тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишга қабул қилади.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи эса – Конституцияда белгиланган ваколатли органлар, ташкилотлар ва шахслар томонидан муайян қонун лойиҳасини ёки янги қонун қабул қилиш тўғрисида, шунингдек амалдаги қонунни ўзгартириш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлис эътиборига тақдим этилиши ва парламентнинг бу масалани белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳақида тегишли қарор қабул қилишидир.
Шу қаторда, алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг асосий мезонларидан бири бу қонун лойиҳалари ҳужжатларининг кўриб чиқилиши. Яъни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ушбу ҳуқуқга эга эканлигини мустаҳкамланиши ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
83-моддасига ва “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаларига асосан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикасининг Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори эгадирлар.
Маълумот учун: Ҳозирги вақтда ПФ-6312-сонли Фармонининг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш бўйича Комплекс чора-тадбирлар режаси иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини беришни назарда тутувчи тузатиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Шу ўринда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга ҳориж тажрибасига эътибор берадиган бўлсак, Сербия Республикасининг Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи эга. Ҳозирги кунга қадар Сербия Омбудсмани томонидан Сербия Парламентига 87 та қонунчиликка ўзгартириш, қўшимча киритиш ҳамда қонунчилик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мувофиқлаштириш бўйича лойиҳалар киритилган.
Лекин ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, ҳатто ривожланган демократик давлат Омбудсманларининг аксарияти ушбу ҳуқуқга эга эмас. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ушбу ҳуқуқга эга бўлиши Омбудсманга жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини нафақат эшитиш ҳамда ечимини топишга ҳаракат қилиш, балки ушбу муаммоларни қонунчилик ҳужжатлари даражасида кўриб чиқиш ваколатини беради. Бу ваколат кўплаб вужудга келиши мумкин бўладиган низоли ҳолатларни қонунчилик ҳужжатларига кўшимча ёки ўзгартириш киритиш таклифлари орқали бартараф этилишининг кафолатланиши демакдир.
Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш имконияти яратилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни таъкидламоқ керакки, амалдаги “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига биноан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилот раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати мавжуд. Бироқ, ПФ-6312-сонли Фармони билан ушбу ваколат янада кенгайтирилмоқда, эндиликда Омбудсманнинг тақдимномаларини ижро этилиши мажбурий қилинмоқда. Албатта, бир тарафдан ушбу тақдимномалар ташкилотларнинг яққол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги, уларнинг жуда юқори юридик техникада тайёрланиши ҳамда Омбудсман Котибияти ходимларининг жуда юқори савияга эга бўлишини талаб этади. Бошқа томондан эса, ушбу ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар рўй бериши мумкин бўлган қонун бузилиш ҳолатларини камайиши ҳамда инсон ҳуқуқлари кафолатланишига янада кучлироқ замин яратади.
Маълумот учун: Омбудсман томонидан 2020-2021 йил давлат органлари ва бошқа ташкилотларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича 27 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 60 фоизи ижобий ҳал этилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Украина Олий Радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятига назар соладиган бўлсак, Вакил тақдимномаси – Вакил томонидан давлат ҳокимияти органларига, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига, жамоат бирлашмаларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, уларнинг мансабдор шахслари ва ваколатли вакилларига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш бўйича бир ой муддатда тегишли чоралар кўриш тўғрисида тақдим этиладиган ҳужжат.
Ҳудди шундай ваколат Қирғизистон Республикаси Омбудсманида ҳам мавжуд.
Шу ўринда Таиланд қироллиги Омбудсманининг тажрибаси эътиборлидир. Омбудсман мутасадди давлат ташкилотига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келаётган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этилиши юзасидан кўрсатма тавсиясини бериши мумкин. Ушбу кўрсатма 120 кун ичида кўриб чиқилиши, зарур ҳолларда Омбудсманнинг хабардорлиги билан 60 кундан ортиқ муддатга узайтирилиши мумкин. Агарда белгиланган муддатларда мутасадди давлат ташкилоти томонидан қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмаса, ушбу давлат ташкилоти раҳбарининг хатти-ҳаракатлари давлат бошқарув тизимига путур ётказаётган деб ҳисобланиши ҳамда унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва тегишли чора кўрилиши бўйича Омбудсман томонидан коррупцияга қарши курашиши бўйича Миллий комиссиясига хабар берилади. Ушбу маълумот комиссия иш юритуви учун асос ҳисобланади.
Бироқ, Омбудсманнинг кўрсатмаси ижро этилиши имкони мавжуд бўлмаганда, мутасадди давлат ташкилоти Омбудсман билан биргаликда зудлик билан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этилиши ҳолатларини бошқа йўлларини кўриб чиқиши ҳамда қабул қилинган умумий хулосага риоя этиши лозим. Агарда томонлар ҳолат ечими бўйича умумий хулосага келмаган бўлсалар, Омбудсман томонидан ҳолат бўйича Вазирлар Кенгаши маълумот киритилади ҳамда Вазирлар Кенгашининг қабул қилган қарори ҳолат бўйича якуний ҳисобланади.
Шу ўринда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг юқори даражасига кўтарилган хорижий давлатлар Швеция ва Финландия тажрибасига ҳам қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки, Швецияда Омбудсман алоҳида ҳолларда прокурор сифатида ҳаракат қилиши мумкин. Швед Омбудсмани ўз мажбуриятлари ёки ваколатларини суиистеъмол қилган мансабдор шахсларга нисбатан (матбуот эркинлиги тўғрисидаги қонун ёки сўз эркинлиги ҳуқуқига қарши жиноятлари бундан мустасно) жиноят ишини қўзғатиши мумкинлиги, жиноят содир этган, қўпол равишда ёки тизимли қонунбузилиш ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсни лавозимидан маҳрум қилиш ёки вақтинча ўз лавозимидан четлатиш тўғрисида хулоса бериши ҳамда ушбу чора тўғрисида ваколатли мутасадди ташкилотларга хабар бериши имкони мавжуд. Шу билан бирга, мансабдор шахсни лавозимидан маҳрум қилиш юзасидан суриштирув ишларига ўз хулосасини ҳамда мансабдор шахсни сўроқ қилиш жараёнини кузатиш имкони берилади.
Финн Омбудсмани ваколатлари 2011-йилда қонунига киритилган қўшимча орқали ҳозирда полиция суриштируви ёки судгача бўлган тергов ўтказилишини сўраш ҳуқуқига эга.
Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида минг нафардан иборат фуқаролар орасида ижтимоий сўровнома ўтказилди.
Сўровда асосан мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келиб марказда истиқомат қилаётган фуқаролар (Респондентларнинг 59% эркаклар ва 41% хотин-қизлар, 78% ёшлар ва 22% кекса ёшдаги фуқаролар ташкил этди) иштирок этишди.
Сўров натижалари мамлакатимиз фуқаролари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти билан қай даражада таниш эканлиги, Омбудсман ҳаракатининг мажбурий ҳарактерга айланаётганлиги, унинг жойлардаги ҳудудий вакилларининг доимий асосда фаолият юритиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суддан ташқари органи тамойилидан воз кечиш ҳамда энг муҳим функция қонунчилик ташаббуси борасидаги фикр ва таклифлари аниқланди.
Жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, 67,8% сўров иштирокчилари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти билан тўлиқ хабардор бўлиб, унинг фаолияти билан қисман ҳатто бундай ташкилот ҳақида маълумотга эга бўлмаган фуқароларнинг мавжудлиги жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш лозимлигини тасдиқлади.
Шунингдек, сўров натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (78,5%) Омбудсман ҳаракатига мажбурий тус берилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали восита бўлиб, мамлакатимизда демократик жамият қуришда Омбудсманнинг мақомини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Мазкур сўровга танқидий ёндошган фуқаролар ҳам ўз муносабатини билдириб, Омбудсман томонидан мажбурий бўлган тақдимномаларни ишлаб чиқилиши инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари камайишига кучли таъсир кўрсатмаслиги билдириб ўтилди.
Омбудсманнинг жойлардаги минтақавий вакилларини фаолияти доимий асосда йўлга қўйилиши сўровномада иштирок этган респондентларнинг кўпчилиги 89,6% томонидан ижобий баҳоланди. Бунда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари мустақил, маҳаллий ҳокимиятга ҳисобдор бўлмаслиги фуқароларимиз масалаларини ижобий ечимини топишда ҳамда уларнинг оворагарчилигини олдини олишига хизмат қилади.
Мазкур Қонун билан фуқароларнинг манфаатлари юзасидан Омбудсман томонидан судларга даъво ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқи масаласида сўровномада иштирок этган респондентларнинг 89,3% ижобий баҳолади. Қолган иштирокчилар Омбудсманни суд ҳокимиятидан ташқари фаолият кўрсатувчи ва фуқаролар мурожаат қила оладиган мустақил орган бўлиши лозимлиги юзасидан фикр билдирди.
Шунингдек, Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Парламентга ҳамда ҳукуматга махсус маърузаларни киритиш ваколатининг берилиши ҳам сўровнома иштирокчилариннинг 79,8% томонидан қўллаб-қувватланди. Чунки Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда жойларда олиб борилган мониторинг ишлари натижалари таҳлилида ишлаб чиқилган махсус маърузалар Омбудсманнинг яна бир муҳим, яъни қонунчилик ташаббусини илгари суришга туртки беради.
Бу билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳуқуқий мақоми олий юридик кучга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида янада мустаҳкамланади.
Хулоса ўрнида яна бир бор таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6312-сонли Фармони билан Омбудсман – Инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг янги ҳуқуқий механизмларга эга бўлгани, жумладан, Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи 14 нафар Республика ҳудудларида меҳнат фаолиятини юритувчи минтақавий вакиллари пайдо бўлиши, Омбудсманинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиши, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқиши ва ижро этилиши лозим бўлган тақдимнома киритиш ваколати тақдим этилиши, Омбудсман, хорижий давлат Инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари тажрибасини инобатга олиб, халқаро стандартларга мос равишда ривожланаётганлиги, (айрим йўналишларда, мисол учун - Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи илгарилаб кетаётганлиги), Омбудсманнинг фаолияти аҳоли ўртасида ижобий баҳоланиши – Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланиши Республикамиз сиёсатининг асос йўналишларидан бири эканлигини, ушбу йўналишдаги бугунги кундаги олиб борилаётган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг жаҳон ҳамжамиятидаги мақомини янада мустаҳкамлайди ва Омбудсманнинг “Б” мақомидан “А” мақомига кўтарилишига хизмат қилади.
Исламов Жасур Якубович
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мустақил изланувчиси (PhD)
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти сектор мудири
Юлдашев Азиз Собирович
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти бош маслаҳатчиси