Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари, хусусан қонунлардаги ноаниқликларнинг инсон фойдасига хал этилиши, “сукут сақлаш” ҳуқуқининг биринчи маротаба белгиланиши, адвокатлар мақоми терговчи ва прокурор мақомига тенглаштирилиши каби самарали ислоҳотлар янги конституциявий ҳуқуқий маконнинг барпо этилишига олиб келди. Мазкур янгилик ва ўзгаришлар эса, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан эканлигидан далолат беради.
Қолаверса, Конституция нормалари нисбатан сўзсиз итоатда бўлиш, унда мустаҳкамлаб қўйилган устувор тамойил ва қоидаларни изчил рўёбга чиқариш борасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг фаолиятига ҳам алоҳида урғу берилди.
Ҳар қандай давлатдаги Омбудсман фаолиятининг самарадорлигини унга юборилаётган мурожаатлар статистикаси ва уларни кўриб чиқиш ҳамда хал этиш натижаларига кўра баҳолаш мумкин.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор мутлақо янги босқичга кўтарилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда бу соҳа билан боғлиқ амалдаги механизмларни янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ҳам катта масъулият юкламоқда. Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Омбудсман институтининг фаолият йўналишлари ҳам такомиллашиб бормоқда.
Айтиш жоизки, халқаро стандартлар асосида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг 26 июнида қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан Омбудсман ҳузурида Жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва уларга ёпиқ муассасаларда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Фикримизнинг исботи сифатида таъкидлаш жоизки, мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан киритилган таъсир чоралари 2020 йилда 40 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 170 тага етди. Қийноқларни олдини олиш бўйича 2020 йилда 76, 2021 йилда 177, 2022 йилда 381 ва 2023 йилда 603 маротаба мониторинг ташрифлари ўтказилди.
Ўзбекистонда шахснинг мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий кафолатланган бўлиб, бу соҳадаги қонунчилик базанинг мунтазам такомиллаштириши натижасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимининг самарали воситалари йўлга қўйилди ҳамда фуқароларни қийнаётган муаммоларни бирламчи бўғинда тезкор хал қилиш имконияти яратилди.
Натижада фуқароларнинг Омбудсманга йўллаётган мурожаатлари йилдан йилга ўсиш суръатлари намоён бўлмоқда. Биргина, меҳнат ҳуқуқларини тиклашга оид мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 2021 йилда 10 нафар, 2022 йилда 13 нафар ва 2023 йилда 38 нафар фуқаро ишга тикланди.
Омбудсманнинг давлат органлари ва идораларига қилган мурожаати асосида 2023 йилда 12 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланди, 57 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинди. Салкам 30 нафар масъул ходимга интизомий жазо қўлланилди, 17 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ва 5 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Мазкур рақамлар ўз навбатида жиноят ишларини кўриб чиқиш чоғида адолатли ва қонунга мувофиқ ҳаракат қилишни, масъул ходимларнинг ҳуқуқбузарликларига нисбатан қатъий чоралар кўришни ҳамда инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда улар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий хабардорлик ишларини ташкил этишни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатди.
Умуман олганда, бу каби маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали давлат органларининг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича хулосалар қилишга имкон яратилади. Шунинг учун ҳам Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ҳар йиллик ҳисоботлари ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлари юзасидан Парламентга тақдим этиладиган маърузалари “ombudsman.uz” расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилади. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Омбудсманнинг ҳар чоракдаги фаолият натижаларига бағишланган брифинглар ташкил этилади.
Бундан ташқари, давлатнинг очиқлик сиёсатига мос равишда расмий веб-сайтда Омбудсманнинг фаолиятига доир хабарлар тизимли эълон қилиб борилмоқда.
Қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида 2020 йилда Глобал альянс томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилди ва унга “В” мақоми берилди.
Маълумки, ўтган йиллар мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Омбудсманнинг
2021 йилдан ҳозирга қадар фаолияти таҳлил қилинадиган бўлса, унга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича давлат ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни, фуқаролар манфаатида судларга давлат божи тўламасдан даъво аризалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига қонун ҳужжатлари ва уларнинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан масалалар киритиш ва бошқа ҳуқуқлар берилди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга доир фаолияти янада кучайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ 2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юрита бошлади, мурожаатлар билан ишлаш тизими рақамлаштирилиб, фуқароларга қўшимча имкониятлар яратилди. Конституция асосида Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига киритиш ҳуқуқи берилди. Ҳозирги кунда фуқаролар билан тезкор боғланиш мақсадида замон талабларига мос бўлган Омбудсман мобил иловаси ишлаб чиқилмоқда.
Юртимизда инсон ҳуқуқларини таьминлашдаги амалий тажриба ва бу бўйича қонунчиликнинг такомиллашуви, шунингдек Омбудсман фаолиятининг кучайтирилаётганлиги натижасида нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан миллий Омбудсманнинг халқаро мақомини ошириш бўйича тавсиялар берилди. Бошқача айтганда, Омбудсманнинг Париж принципларига мувофиқлиги бўйича “А” мақомига даъвогарлик қилишига замин яратилди.
Париж тамойиллари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг халқаро майдонда тан олинишида муҳим аҳамият касб этади. Бу институтлар ушбу тамойилларга риоя қилиш орқали инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва илгари суришда муҳим роль ўйнайди.
Айтиш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг янги таҳрири тайёрланиб, кўриб чиқилмоқда. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши институтнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши баробарида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларининг тикланиши билан боғлиқ механизмларнинг янада самарали ишлашига хизмат қилади.
Дунёда Омбудсман институтлари фуқароларнинг давлат органлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш нуқтаи назаридан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг кафолатини таъминлаш механизми ҳисобланади. Шу сабабли ушбу институт 190 дан ортиқ мамлакатларда жорий этилиб, унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Жаҳон миқёсидаги тараққиёт суръатлари мунтазам изланишлар ва илғор тажрибаларни ўрганишни талаб этмоқда. Шу сабабли Омбудсман институти ҳам хорижий давлатларнинг илғор амалиётларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши ва инсон капиталининг ривожланиши инсон ҳуқуқларининг ишончли ва самарали ҳимоя қилиниши билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқиш, қонун ҳужжатлари ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишда Омбудсман институти мустаҳкам ўринга эга.
Мисол учун, Финляндия Омбудсмани юз йилдан зиёд вақт давомида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва давлат органларининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириб келмоқда. У ўз фаолиятида фуқаролар мурожаатларига осон ва тезкор тарзда жавоб қайтаришга, уларни кўриб чиқишда замонавий усуллардан фойдаланишга, жамоатчилик билан фаол мулоқот қилишга интилади. Бундан ташқари, муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш борасида тадқиқот ва таҳлилларни олиб боради ҳамда фаолияти ҳақида фуқароларни хабардор қилишга интилади. Маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида мониторинглар ўтказади. Финляндиядаги қамоқхоналарда асосий эътибор маҳкумларни тарбиялаш, касбга ўргатиш, таълим олиш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилади.
Юқорида таъкидланганидек, Финляндиядаги ушбу инновацион ёндашувлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган. Эътиборли жиҳати шундаки, давлат органларининг мансабдор шахслари Омбудсмандан юборилган мурожаатларга устуворлик беради. Фарқли томони, Финляндиядаги маҳкумлар ўз мурожаатларини Омбудсманга фақатгина қамоқхона маъмурияти орқали йўллашлари мумкин. Ушбу Омбудсман мониторингни режа асосида ҳар 4-5 йилда бир маротаба ўтказади.
Ўзбекистонда эса халқ билан мулоқот тизимининг йўлга қўйилиши натижасида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасалардаги шахслар ҳам четда қолмаган. Уларнинг мурожаатлари “Омбудсман қути”лари ҳамда тизимли сайёр қабуллар орқали қабул қилинади. “Омбудсман қути”лари Омбудсман ходимлари томонидан очилади, улар видеокамералардан холи бўлиб, маҳкумлар учун қулай жойларга ўрнатилади. Бу эса маҳкум ва маҳбусларга шикоятларни бевосита, хавфсиз ва махфий тарзда юбориш имконини беради. Бу тизим маҳкумларнинг муаммоларини эшитиш ва уларни ҳал этиш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Бугунги кунда мурожаатларнинг махфийлигини таъминлаш, соҳадаги масъулларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, очиқлик ва шаффофлик каби комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистонда миллий превентив механизмни янада такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг Омбудсман фаолиятига ишончининг ошишига ёрдам беришига ишонамиз.
Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ривожланган давлатлар тажрибасидан ортда қолмаяти. Энг муҳими, мақсадимиз ва танланган йўлимиз аниқ. Рамзий маънода инсон ҳуқуқларининг қўриқчиси ҳисобланган Омбудсман институтига эса инсониятнинг энг юксак қадриятларини ҳимоя қилиш учун зарурий шароитлар яратилгандир.
Феруза ЭШМАТОВА
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)