Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда қийноқ ҳолатларига қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибаси
Қийноқ масаласи жаҳон учун энг глобал масалалардан ҳисобланиб, инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилганига қарамай, ҳамон бу масала дунё ҳамжамияти диққат эътиборидан тушмаяпти.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 5-моддасида ҳам ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги кераклиги белгиланган.

“Amnesty International” халқаро ташкилотининг 2024 йилнинг апрель ойида эълон қилган ҳисоботида 2023 йилда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар, жумладан қийноқлар ва одамларга нисбатан шафқатсиз муомала турларини жаҳоннинг 155 та мамлакатида кузатилгани қайд этилган.

Қийноқлардан озод бўлиш ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қилиниши керак бўлган асосий инсон ҳуқуқларидан бири бўлгани сабабли Ўзбекистон унга қарши муросасиз кураш йўлини танлаган.

Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, қийноқ ҳолатларини олдини олишга оид янги нормалар киритилиб, аввалги таҳрир такомиллаштирилди. Унга кўра, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги олий юридик мақомга эга бўлган ҳужжатда қатъий белгиланди. Бу эса қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадам.

Қолаверса, шахсни ҳибсга ва қамоққа олишга, қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шунингдек шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги Конституция даражасида белгилаб қўйилди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан, БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган.

Ўзбекистоннинг зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариши, жумладан, қийноққа қарши кураш борасида ўз тажрибаси ва босиб ўтган йўли бор.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 235-моддаси билан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган ва қийноқни қўллаганларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилган.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши назарда тутилган.

Шу ўринда инсон ҳуқуқлари соҳасида, хусусан, қийноқ ҳолатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтиш жоиз.

2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. Шундан сўнг, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган шахсларнинг шароитларини ўрганиши, улар билан мулоқот қилиши йўлга қўйилди.

Биламизки, кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган “Жаслиқ” узоқ йиллардан буён Марказий Осиёнинг энг мудҳиш қамоқхонаси сифатида тилга олиниб келинганди. У узоқ йиллар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказган. БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпишни тавсия этиб келган. Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Ўша пайтданоқ, халқаро ҳамжамият мамлакатимиз етакчисининг мазкур қарорини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ижобий янгилик сифатида баҳолади.

Аҳамиятлиси, бу борадаги ишлар шунинг ўзи билан кифояланмади. Яъни бу Ўзбекистоннинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш сари ташлаган дастлабки қадамларидан бири эди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан мамлакатимизда қийноққа қарши курашиш механизмлари ҳам такомиллаштирилиб борилди. Хусусан, Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 сентябрдаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга ҳам қаратилди. Шунингдек, қарор билан Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механзим (МПМ) ҳам такомиллаштирилиб, эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилди.

Рақамларга назар солсак, 2021 йилда 177 маротаба, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 603 маротабани ташкил этди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди. Мониторинг ташрифлари давомида аниқланаётган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот ва ахборотлар, хулоса ва тақдимномалар ҳамда талабномалар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Бундан ташқари, ушбу мониторинг натижалари Омбудсманнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этадиган йиллик ахборотида ҳам акс этади.

Шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Болалар омбудсмани, Бизнес омбудсман ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказни ҳам монеликсиз киришлари белгиланган.

Омбудсманнинг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликдаги ўрганишлари асосида 2023 йилда БМТнинг тегишли қўмитасига Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциянинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботига Омбудсман томонидан муқобил маъруза киритилди. Ушбу маърузани тайёрлашда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ишланди.

Таъкидлаш лозимки, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Омбудсман бошчилигида амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида йилдан йилга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитлар, маҳкум ва маҳбусларга бўлган муносабат халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилди. Ушбу пенитенциар муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари орқали маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга мурожаат қилиш имконияти яратилди. Уларнинг мурожаатлари маҳфийлиги сақланган ҳолда ҳеч қандай тўсиқ ва овворагарчиликсиз Омбудсманга етказилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Қайд этиш лозимки, маҳкумларни Омбудсманга “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган қийноқларни олдини олиш бўйича тегишли қарорида ушбу иллатга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиётининг жорий этилиши шулар жумласидандир.

Ушбу механизм тегишли орган ва идоралар ходимларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, қачон олиб келингани, сабаби, тиббий ҳолати ва бошқа фактларни тезкорлик билан электрон реестрга киритиш мажбуриятини юклайди. Бу эса бирор бир шахсни бесабаб ушлаб туриш, маълумотларни яшириш, жисмоний куч ишлатиш йўли билан кўрсатма олишга уриниш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу электрон реестр маълумотлари билан онлайн танишиш имконияти Омбудсман, судлар ва прокуратура органларига ҳам берилаётгани очиқликни таъминлаш билан бирга масъулият ва назоратни янада кучайтирилишини таъминлайди.

Шундай қилиб, жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланган, маъмурий қамоққа олинган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиб, психиатрия стационарларида ёки наркология муассасаларида мажбурий даволанаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ягона электрон реестрга мажбурий равишда киритиб бориш тартиби белгиланмоқда.

Янги тартибларга кўра, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга олиб келинган шахс ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатда Ягона электрон реестрда рўйхатга киритмаслик ушбу шахсларни ноқонуний ушлаб туришга тенглаштирилади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан зўравонлик, қийноққа солиш ва ноқонуний ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида жазони ижро этиш тизими фаолиятига рақамли технологияларни, жумладан, интеллектуал “Smart” камералар, видеорегистратор, рентген-сканер қурилмаси, электрон дўконлар жорий этиш, “онлайн” видеоучрашув хизматини йўлга қўйиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Албатта, тизим фаолиятининг рақамлаштирилиши жазони ижро этиш муассасаларида ишловчи ходимлар ишини енгиллаштириши билан бирга уларнинг масъулиятини ҳам оширади. Пировардида, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш орқали инсон ҳуқуқлари таъминланишига замин яратилади.

Ушбу мақолада қийноққа қарши кураш борасидаги энг асосий амалга оширилган ишларгина қамраб олинди. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган самарали ислоҳотларга тўхталмадик. Умуман олганда, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитларни ҳозирги ва 7-8 йил аввалгиси билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Ушбу ўзгаришлар, албатта, тизимдаги ислоҳотлар ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши мевасидир.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини халқаро рейтингларда ҳам кўришимиз мумкин. “World Justice Project” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузиладиган 2024 йилда эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон Сербия, Албания, Хитой, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Туркия ва бошқа давлатларни ортда қолдириб, 140 та давлат орасида 78-ўринни эгаллади. Унда Ўзбекистоннинг барча 8 та индикатор бўйича кўрсаткичларида яхшиланиш кузатилган.

Қолаверса, 2024 йилнинг июнь ойида мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти билан учрашувда мамлакатимизга илк бор 20 йил аввал, иккинчи марта эса Президентлик фаолиятига энди киришган пайтлари келганлигини алоҳида таъкидлаб, қисқа давр ичида амалга оширилган ишларни юқори баҳолади. Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш каби қатъий ривожланиш йўлидан собитқадамлик билан бораётганини алоҳида таъкидлаган эди.

Хулоса қилиб айтганда, қийноқларга қарши кураш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича илғор тажрибаси бор, деб қатъий айтиш мумкин. Мамлакатдаги ҳуқуқий ислоҳотлар, жамоатчилик назорати ва халқаро мажбуриятларни бажаришга бўлган садоқат инсон қадрини ҳимоя қилишдаги муҳим қадамлардир. Бу халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Муҳими, халқимиз ушбу ўзгаришлар таъсирини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Ишонамизки, келгусида ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилиб, инсон қадри тобора юксалиб бораверади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”. Бу сўзлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қадр-қимматни юксалтириш йўлида қатъий иродага эга эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)