Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мустақиллик буюк неъмат ва эркинликдир
Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритганига ва мустақил тараққиёт йўлига ўтганига 31 йил тўлди. Инсон бахтли бўлиши учун эркин бўлиши, эркин бўлиши учун эса мустақил бўлиши керак. Демак биз, энг аввало, мустақилликнинг мазмун-моҳиятини англаб олишимиз ва ёш авлодга унинг аҳамиятини етказишимиз зарур бўлади. Инсон “мустақиллик” деганда ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқи эканлигини англаши ва уни янада мустаҳкамлашга интилиши зарурлигини тушиниш лозим. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон “мустақиллик” деган сўзнинг туб маъносини тушуниб етиши, бу сўзнинг буюк неъмат эканлигини англаши ва унда нақадар улуғ маъно ётганлигини англаши аҳамиятлидир.

Мустақиллик, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг рўёбга чиқишидир. Бу ҳуқуқ ва эркинликлардан самарали фойдалана олиш эса ҳар бир инсоннинг дунёқараши, истеъдоди ва қобилияти билан ўлчанади.

 Инсон Ватан туйғуси билан яшаши, ўзи туғилиб ўсган она юртини севиши ва ардоқлаши, ватан мустақиллигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўша олиши энг олий туйғу ҳисобланади.

1991 йилда давлат мустақиллигининг эълон қилиниши ўзбек халқининг қаддини ростлади. Ватанга бўлган қадр-қиммат ва меҳр-муҳаббат ортди, собиқ иттифоқ даврида зўравонлик йўли билан йўқ қилинган миллий қадриятларимиз, динимиз, урф-одатларимиз (“Наврўз” байрами, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайтлари), маросим ва байрамларимиз яна халққа қайтарилди.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.  

Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиши, қадр-қимматини англаши, муносиб ҳаёт кечириши, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиши каби имкониятларни яратди.  

Мустақиллик ҳар бир инсоннинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам замини бўлиб қолди. Бунда инсон мана шу оддий ҳақиқатни тўғри тушиниб, ўз қалбига сингдирган тақдирдагина, ўз миллатига, ватанига бўлган садоқати ошиб бораверади. Бунинг натижасида одамларни жипслаштирадиган ва тараққиёт сари етаклайдиган миллий ғоя пайдо бўлади. Демак, миллий ғоя одамларнинг мустақилликни тўғри англаши, вазиятни баҳолаши ва уни мустаҳкамлашга ундовчи қарашларини англатади.

Мустақиллик шарофати билан биз ўз тарихимизни қайта ва объектив ҳолда ўргандик. Биз ўзимизнинг ким эканлигимизни, кимларнинг давомчилари эканлигимизни англаб олдик. Ўз тарихимизни ўрганиш халқимизнинг билим ва маънавияти юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки билим ва маънавият фақат ижтимоий ва гуманитар фанларни ўрганиш негизидагина шаклланади. Биз бу фанларни ўзлаштирганимиздагина саводли ва маълумотли бўла оламиз.

Эндиликда биз мустақиллик шарофати билан Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий каби бобокалонларимизнинг давомчиларини тарбиялай бошладик.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизнинг ўттиз бир йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қисқа давр ичида, айниқса унинг охирги олти йиллигида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида туб ислоҳотлар ва бурилишлар даври бўлаётганлигини сезмоқдамиз.  

Биз шу кунларда давлат мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Мана шу қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг босиб ўтган мураккаб йўлини, унинг эришган муваффақиятлари-ю, ривожланишнинг секинлашиш даврини эслашимиз ва бунда тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишларга, эришилган натижаларга холисона баҳо беришимиз, ушбу натижалар моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачиликка етказишимиз мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, биз мустақиллик туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилдик. Истиқлол туфайли юртимизни жаҳон ҳамжамияти таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати-ю, ёшларимизнинг ҳар соҳадаги ютуқлари, ғайрати ва азму шижоати туфайли ватанимизнинг шон-шуҳрати оламга ёйилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган халқчил, адолатли ва кенг қамровли ислоҳотлар бутун халқимиз ҳаётида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бунда халқ манфаати барча нарсадан устун даражага олиб чиқилди, “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил остида барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Шу жиҳатдан ҳам олиб қаралганда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни Қонунда белгиланган тартибда ва ўз ваколатлари доирасида ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлари Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш соҳасидаги ролини оширишга хизмат қилиб, Омбудсманга бу йўналишда бир қатор йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6312-сонли Қарори билан Омбудсманга инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини, шу жумладан уларнинг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Омбудсман юқоридаги вазифаларни сифатли ва тўлақонли бажаришни таъминлашда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Омбудсман номига фуқаролардан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида
7199 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг 13,6 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига,
32,5 фоизи ижтимоий ҳуқуқларига, 25,0 фоизи иқтисодий ҳуқуқларига,
15,4 фоизи сиёсий ҳуқуқларига ва 0,8 фоизи экологик ҳуқуқларига оид бўлди. Келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 30,0 фоизи Омбудсман томонидан назоратга олинди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга (гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларига) 156 маротаба (2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 71 маротаба, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 41 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Ушбу ташрифларда Омбудсман, унинг Котибияти масъул ходимлари ва минтақавий вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва мониторинг ташрифларини ўтказишда амалий билимларга эга бўлган олий таълим муассасаларининг педагоглари ва тиббиёт ходимлари иштирок этиб, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахсларни сақлаш шароитлари, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқалар ўрганилди. Ташрифлар юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, хулосалар ва тақдимномалар мутасадди вазирлик ҳамда идораларга кўриб чиқиш ва чоралар кўриш учун юборилди.

Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғоя асосида кенг нишонлаш жонажон Ватанимизда инсон қадр-қимматининг, шаъни-ғурурининг нечоғлик устун қўйилганлигидан, юртимиз тинчлик ва барқарорликка эришилганлигидан, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги таъминланганлигидан ҳамда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланганлигидан дарак беришини унутмаслигимиз даркор.

 Салохиддин ҲАМДАМОВ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарғибот сектори мудири