Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширган ишлари
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, шунингдек БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 июнда “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5163-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарор билан гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (кейинги ўринларда – ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг (кейинги ўринларда – қийноқ ҳолатлари) олдини олиш ва аниқлаш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Жумладан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари (кейинги ўринларда – Жамоатчилик гуруҳлари) ташкил этилиб, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш юзасидан асосий вазифалар белгиланди.