Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Самарқанд вилоятида бўлиб, инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатларини ўрганди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ҳамда ушбу жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириш лозимлиги қайд этилган.

Шу муносабат билан Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳи томонидан миллий превентив механизм доирасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Омбудсман Котибияти ходимлари ҳамда Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили тегишли давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимият масъулларидан иборат ишчи гуруҳи дастлаб Самарқанд шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд минтақавий филиалида бўлиб, бу ерда даволанаётган беморлар ва улар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Ишчи гуруҳи асосий эътиборни беморларнинг даволаниши, дам олиши, овқатланиши, шунингдек улар учун ажратилаётган дори-дармон воситалари билан таъминланганлик даражасига қаратишди.

Мазкур филиал 1983 йилда барпо этилиб, даволаниш учун 240 ўринга мўлжалланган. Унинг 100 ўрни суд қарори билан мажбурий тарзда даволанадиган шахслар учун ажратилган. Мажбурий тартибда олиб келинган шахслар 6 ойдан 1 йилга қадар даволанишади. Мониторинг ташрифи вақтида муассасада барча ўринлар банд бўлиб, уларнинг 6 нафари аёллар бўлган.

Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг эътиборини палаталарда 16-18 нафаргача шахслар сақланаётганлиги, уларнинг ётоқ жойлари бир-бирига жуда яқин жойлаштирилганлиги ва бинонинг иккала томонида заводлар мавжудлиги сабаб доимий шовқин сақланиб турганлиги тортган.

Наркология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали директори Наргиза Кенжаеванинг таъкидлашича, бино ностандарт бўлганлиги сабаб  беморларни жойлаштириш билан боғлиқ бир қатор муаммолар юзага келиб, бу ҳақида вилоят ҳокимлигига мурожаат қилинган.

2022 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ мазкур муассаса учун янги бинони қуриш ишлари бошланиши маълум қилинган.

Омбудсман раҳбарлигидаги жамоатчилик гуруҳининг кейинги манзили Самарқанд шаҳридаги 38-сонли манзил-колонияси бўлди. Ишчи гуруҳ томонидан маҳкумлар учун бу ерда яратилган шароитлар, хусусан ювиниш хоналари, маҳкумларнинг ётоқ жойлари ҳамда ошхоналарнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳолатлари, шунингдек интизомий бўлинма кўздан кечирилди. Мониторинг доирасида “Омбудсман қутиси”ни барча маҳкумлар кўриши мумкин бўлган ва видеокамера объективидан ҳоли бўлган жойга кўчириш бўйича тавсия берилди.

Ташрифда колониядаги узоқ муддатли учрашув хоналари, ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар билан жамлаган кутубхона ҳамда меҳнат қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган бошқа шароитлар ўрганилди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонада ўтказилган мониторингда аниқланишича, бу муассаса 2020 йилда қурилган бўлиб, унга овоз ва тасвирларни ёзиб олувчи 22 та видеокамера ўрнатилган. Ёзувлар эса тўғридан-тўғри республика даражасида марказлашган ҳолда кузатилиб борилади. Муассаса эса бирон-бир видеокамерани вақтинча бўлсада, ўчириш имкониятига эга эмас. 0,70 га майдонга эга муассасада 56 нафар шахс сақланмоқда, улардан 5 нафари аёл.

Вилоят Асаб-руҳий касалликлари диспансерида даволанаётган жами 896 нафар беморнинг 342 нафарини аёллар ва 16 нафарини болалар ташкил этади. Диспансер ҳудудида беморларнинг сайр қилиши ҳамда тоза ҳаводан баҳраманд бўлишлари учун кенг ҳудуд ажратилиб, ободонлаштирилган. Бино ичкариси яхши таъмирланган, керакли мебеллар ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган.

Беморларни даволаш, уларни дори-дармонлар билан таъминлашга доир камчиликлар аниқланмади. Аммо, кузатувчилар томонидан беморларга таом тайёрлаш учун шартнома асосида жалб қилинган аутсорсинг хизматининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва таом тайёрлашда ишлатилаётган гўшт маҳсулотларининг сифати билан боғлиқ эътирозлар билдирилди.

Шу билан бирга, Самарқанд вилоятидаги бир нечта вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида яратилган шароитлар ҳам ўрганилди.

Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳи томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Матбуот хизмати