Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида 2021 йилда амалга оширилган мониторинг ташрифлари бўйича брифинг
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 26 июнда “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 2021 йил давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 177 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич 2020 йил якунларига кўра 76 тани ташкил этган.

Ташрифларда илк маротаба оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирок этди.

Мониторинг ташрифлари давомида 4,5 мингдан ортиқ шахс билан жамоавий ва 758 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Мониторинг ташрифларида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шароитлар, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ҳамда таълим-тарбия ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди. Бу эса жисмоний, руҳий ва психолгик босим ўтказиш ҳолатларни олдини олиш борасидаги профилактик чоралар ҳисобланади.

Аниқланган камчиликлар ва мониторинг ташрифлари юзасидан ҳар чоракда таҳлилий маълумотлар, ахборотлар ва тақдимнома тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга киритилди.

Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларга йўл қўйган бир қатор ходимларга нисбатан тегишли ташкилотлар томонидан интизомий жазолар қўлланилган.

Омбудсман тавсиясига асосан, маҳкумларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш учун Бухоро ҳамда Тошкент вилоятларидаги бир қатор жазони ижро этиш колониялари томонидан меҳнатга жалб этилган маҳкумларга салкам 12 млрд 159 млн сўмлик махсус кийим, ҳимоя ва санитария-гигиена воситалари сотиб олинган. Тошкент вилоятидаги 7-сонли жазони ижро этиш колониясининг ошхонасини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 700,0 млн.сўм ажратилган. Бухоро вилоятидаги 1-сонли жазони ижро этиш колонияси маъмурий ҳудудининг ташқарисида фуқаролар кутиш жойи қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Омбудсман тавсиясига кўра, Тошкент шаҳридаги фақат эркак маҳкумлар даволанадиган 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонада аёл маҳкумалар даволанадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз мазкур касалхона терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, сил касалликлари каби 20 та бўлимга ва 2 та лабораторияга эга, шунингдек у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади.

Самарқанд вилояти Руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё вилоятининг Мажбурий даволаш бўлими беморларига овқат етказиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатишда камчиликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан чоралар кўрилган.

Омбудсман киритган таҳлилий ахборотларда келтирилган тавсияларга асосан Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда жазони ижро этиш тизимидаги даволаш-профилактика фаолиятини такомиллаштириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди.

Шунингдек, мутасадди вазирлик ва ташкилотларга илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахсларни белгиланган манзилга кузатиш ва қўриқлаб бориш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаларини жиҳозлаш ҳамда Жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судларида судланувчилар, айбланувчилар ва гумон қилинувчиларни вақтинча сақлаш хоналарини таъмирлаш юзасидан берилган тавсияларга асосан, Олий суд томонидан Миллий гвардия, Ички ишлар ва Қурилиш вазирликлари билан ҳамкорликда “Суд биноларини қуриш учун идоравий қурилиш нормалари (ИҚН-21)” ишлаб чиқилди ҳамда суд Раёсатининг алоҳида қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларни озиқ-овқат, ашёвий мол-мулк, совун ва ювиш воситалари билан таъминлаш меъёрларини қўллаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги 445-сонли буйруқ қабул қилинган.

Ҳисобот йилида Омбудсман номига ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ҳамда адвокатлари томонидан 6 104 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 2 119 таси бевосита ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг мурожаатларидир.

Суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари юзасидан келиб тушган шикоятлар бўйича Омбудсманнинг мурожаатига асосан Бош прокуратура томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 32 та қарорнинг барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, бекор қилинган ва 16 та ҳолатда айбдор ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши таъминланган.

Омбудсман тавсиясига кўра, жисмоний, руҳий ва психолгик босим ўтказиш ҳолатлари бўйича Прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра, 11 та шикоят юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасининг тегишли бандларига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг назорат хатига асосан юқори турувчи прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари ўтказилган. Натижада 4 та ҳолатда ички ишлар органларининг 7 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Жазони ёки эҳтиёт чорасини енгиллаштириш юзасидан маҳкумлар (маҳбуслар) томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг хатига асосан 13 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган ва 2 нафар маҳбуснинг эҳтиёт чоралари енгилроғига ўзгартирилган.

Маҳкумлар томонидан оиласига кўмак кўрсатиш масаласида келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ҳокимликлар томонидан 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига турли хилдаги иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатилган. Шунингдек, Жазони ижро этиш департаменти томонидан 13 нафар маҳкум Омбудсманнинг мурожаатига асосан яшаш жойига яқин бўлган ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилган.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича амалга оширилган мониторинг ташрифлари юзасидан тайёрланган чораклик таҳлилий ахборотлари ва йиллик маърузаси Олий Мажлис палаталарига тақдим этилган.

Бизда ҳозирча шулар, Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича йиллик маърузасининг тўлиқ матни билан ombudsman.uz сайти орқали ҳам танишишингиз мумкин.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича   вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати