Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги алоқалар тобора кучайиб бораётгани мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва унинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги интилишларини намоён қилмоқда.
Мамлакатимиз Президентининг таклифига биноан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг юртимизга бу галги ташрифи Ўзбекистонга жаҳон ҳамжамиятида юксак ишонч ва эътироф мавжудлигидан дарак беради.
БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбари билан учрашувда мамлакатимизга илк бор 20 йил аввал, иккинчи марта эса Президентлик фаолиятига энди киришган пайтлари келганлигини алоҳида таъкидлаб, Юртбошимиз бошчилигида қилинган ишлардан ҳайратда эканлигини билдирди. Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш каби қатъий ривожланиш йўлидан собитқадамлик билан бораётганини алоҳида таъкидлади.
Шу ўринда инсон ҳуқуқлари соҳасида, хусусан, қийноқ ҳолатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтиш жоиз.
Биламизки, кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳамда қийноқ ҳолатлари энг кўп кузатилган “Жаслиқ” узоқ йиллардан буён Марказий Осиёнинг энг мудҳиш қамоқхонаси сифатида тилга олиниб келинганди. У узоқ йиллар Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказган. БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонга 2002 йилдан буён “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпишни тавсия этиб келган. Ниҳоят, Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Ўша пайтданоқ, халқаро ҳамжамият мамлакатимиз етакчисининг мазкур қарорини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ижобий янгилик сифатида баҳолади.
Аҳамиятлиси, бу борадаги ишлар шунинг ўзи билан кифояланмади. Яъни бу Ўзбекистоннинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш сари ташлаган дастлабки қадамларидан бири эди.
Маълумки, 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенцияга доир Факультатив протоколи билан миллий превентив механизм (МПМ) ташкил этилиши назарда тутилган эди. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. Шундан сўнг, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитларини ўрганиши, улар билан мулоқот қилиши йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 сентябрдаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Омбудсман ҳузуридаги МПМ фаолияти янада такомиллаштирилди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди. Мониторинг ташрифлари давомида аниқланаётган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот ва ахборотлар, хулоса ва тақдимномалар ҳамда талабномалар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Бундан ташқари, ушбу мониторинг натижалари Вакилнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этадиган йиллик ахборотида ҳам акс этади.
Шу билан бирга, қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Қолаверса, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланилиши белгиланди. Жиноят Кодексининг 235-моддаси қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади. Бу каби нормалар кўплаб давлатлар қонунчилигида мавжуд эмас.
Қолаверса, умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қомусимизда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган нормалар аввалгисидан 3 бараварга кўпайган. Хусусан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор, деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги олий юридик мақомга эга бўлган ҳужжатда қатъий белгиланди. Бу эса қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадамдир.
Юқорида қайд этилган тизимли ислоҳотлар фақатгина бир йўналишга тегишли, холос. Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтадиган бўлсак, алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали натижаларга эришилгани кўп бора халқаро ҳамжамият, шунингдек, БМТ томонидан ҳам мунтазам эътироф этилган.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси қабул қилинди ва улар изчил ижро этилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўтган давр мобайнидаги кузатувлари мисолида ушбу жараёнларга таъриф берар экан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган ислоҳотлар Ўзбекистон халқининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини, қолаверса, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келишини, жумладан, БМТнинг 2030 йилга қадар белгиланган кун тартиби айнан Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган стратегик режага ҳамоҳанг эканлигига гувоҳ бўлганини алоҳида таъкидлади.
Мухтасар айтганда, ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича илғор тажрибаси бор, деб қатъий айтиш мумкин. Бу халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда ҳамда намуна сифатида кўрсатилмоқда. Муҳими, халқимиз ушбу ўзгаришлар таъсирини ўз ҳаётида, турмуши фаровонлигида яққол ҳис қилмоқда. Ишонамизки, ўтган қисқа вақт давомида эришилган натижаларимиз бундан буён ҳам изчил давом эттирилиб, инсон қадри тобора юксалиб бораверади.
Феруза ЭШМАТОВА,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).