Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб 1992 йили «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни ратификация қилди. Миллий қонунчилигимизни конвенция қоидаларига имплементация қилиш асносида 2008 йил 7 январда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Айниқса, сўнги йилларда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ ислоҳотлар натижаси ҳалқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Хусусан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасида амалга оширган мониторинг натижасида ҳамда дунё ҳамжамияти вакиллари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистонда ижобий ишлар қилинганини эътироф этди. 2019 йилнинг 1 апрелида Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб унда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарганлиги ҳамда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилганлиги маълум қилинди.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4296-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи янги сектор тузилди.
Бугунги кунда мамлкатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи давомида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларида 30 дан ортиқ мониторинглар ўтказилди.
Хусусан, Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил томонидан республикамиздаги ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, жумладан “Махсус енгил саноат касб-ҳунар колежи”, “Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси” ҳамда “Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассаса”ларида мониторинг амалга оширилди.
Мониторинг доирасида ушбу муассасалардаги вояга етмаганлар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашув жараёнида муассасаларга жойлаштириш сабаблари, у ердаги шароитлар ва улар билан муомалада бўлиш, тиббий хизмат кўрсатиш, овқатлантириш, меҳнат, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш самарадорлиги ўрганилди.
Мониторинг натижалари таҳлили ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган бир қатор масалаларни аниқлаш имконини берди. Жумладан:
- вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришда оиладаги ижтимоий муҳитнинг ёмонлиги, ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг фарзанд тарбиясига беъэтибор бўлиши сабаб бўлаётганлиги;
Ваҳоланки, БМТнинг вояга етмаганлар орасида жиноятнинг олдини олиш учун бошқарув принципларининг (Ар-Риёд бошқарув принциплари) 12-бандида оила болаларни жамиятдаги ҳаётга тайёрлаш учун масъул бўлган асосий бирлик бўлгани учун, ҳукумат ва жамоат институтлари оиланинг, бутунлигини сақлашга ҳаракат қилишлари кераклиги, жамият оилаларга болаларни парвариш қилиш ва ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшилашда ёрдам беришга мажбурлиги, болалар учун кундузги парваришлашни ўз ичига олган ҳолда, етарли даражада чоралар кўриш кераклиги таъкидланган.
- вояга етмаган томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилмаган бўлсада, унинг яқин қариндошларининг мурожаатига асосан махсус турдаги ўқув муассасасига вояга етгунига қадар жойлаштирилаётганлиги;
Ар-Риёд бошқарув принципларининг 46-бандида вояга етмаганларни таълим ва ахлоқ тузатиш муассасаларига жойлаштириш энг сўнгги чора сифатида ва энг кам зарур муддат давомида, уларнинг энг устун манфаатлари бўйича белгиланиши лозимлиги таъкидланган.
- вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисида материалларни тайёрлаш ҳамда судлар томонидан кўриб чиқилишида баъзи ҳолларда қонунда белгиланган талабларга амал қилинмаганлиги. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасида “Ўзига нисбатан ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётганда вояга етмаган, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органининг, ички ишлар органининг вакиллари суд мажлисида иштирок этиши шарт” эканлиги белгиланган бўлсада баъзи ҳолларда суд ишида вояга етмаган ёки масъул идора ходимларининг иштирок этмаганлиги;
Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил томонидан олиб борилган мониторинг натижаларини умумлаштириш ҳамда келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш имконини берди:
- меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етган вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан муддатидан олдин озод этиш талабларини белгилаш;
- вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил ва унинг жойлардаги минтақавий вакилларини ҳам киритиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Жасур ИСЛАМОВ
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари
бўйича Вакили (Омбудсман)
Котибиятининг сектори мудири