Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хусусий мулкка бўлган ҳуқуқнинг кафолати
Сўнги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Биз жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида халқаро андозаларга жавоб берадиган ислоҳотларимизни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз”. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало бу унинг уй-жойидир. Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда, шунингдек, бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам бегиланган бўлиб, ушбу халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг
12-моддасида “Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга”лиги белгиланган.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 11-моддасида “Иштирок этувчи давлатлар ҳар бир киши ўзи ва оиласи учун етарлича озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой ҳамда турмуш шароити тўхтовсиз яхшиланиб боришини ўз ичига оладиган етарли турмуш даражаси бўлиш ҳуқуқини эътироф этади. Мазкур иштирокчи давлатлар ушбу ҳуқуқлар амалга оширилишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради, айни пайтда эркин келишувга асосланган халқаро ҳамкорликнинг бу борадаги муҳим аҳамиятини эътироф этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” лиги, 54-моддасида эса “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт”лиги белгиланган.

Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд. Хусусан:

- “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (24.09.2012й.);

- “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони (27.07.2018й., ПФ-5490);

- “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони (01.08.2018й., ПФ-5495);

- “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши (03.08.2019й., ПФ-5491);

- “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори (05.04.2019й.) ва яна бир қатор бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар сўнги йилларда жиддий такомиллашди. Шу билан бирга мазкур ҳуқуқларни амалда ҳимоя қилиш борасида баъзи муаммолар ҳам мавжуд.

Хусусан, Омбудсман манзилига жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 385 та мурожаати келиб тушди. Унда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг 236 та турар ва 149 та нотурар жойларига бўлган ҳуқуқлари бузилганлиги таъкидлаб ўтилган.

Фуқароларнинг хусусий мулкини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Шайхонтохур туманлари, Тошкент вилоятининг Охангарон ва Янгийўл туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Чироқчи тумани ҳамда Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан бино-иншооти бузилиб, ер участкаси олиб қўйилган жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки олиб қўйилган мулклари учун 4 млрд. сўмдан ортиқ компенсация пулларини тўлаб берилишида, 14 та фуқарога уй жой қуриш учун ер участкаси ажратиб берилишида, 5 та фуқарога уй жой ажратиб берилишида, 3 та фуқарога бузилган савдо дўкони бузилганлиги учун ер майдони ажратилишида ёрдам берилди ҳамда уларнинг ҳуқуқлари таъминланди.

Мазкур мурожатларнинг ўрганиб чиқилиши натижасида бир қатор муаммолар ҳамда камчиликлар аниқланди. Хусусан:

- кўчмас мулк эгасини рози қилмасдан ҳамда турар жойлар баҳоланмасдан туриб давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасининг олиб қўйилаётганлиги натижасида фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқлари бузилмоқда ва уларнинг давлат идоралари ўртасида овора бўлишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, бир қатор тадбиркорларнинг Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Янгийўл савдо комплекси” МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконлари бузилиши муносабати билан компенсация пуллари тўланмаётганлиги ҳақида ёзган мурожаати Омбудсманнинг алоҳида иш юритувига олинди. Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баёни ҳамда Янгийўл шаҳар ҳокимининг қарорига асосан Янгийўл шаҳрининг Регистон ва Ниёзбош кўчаларини бир-бирига боғлаш белгиланган, шу мақсадда темир йўл устидан кўприк қурилиши муносабати билан “Янгийўл савдо комплекси” МЧЖ ҳудудидаги бино-иншоотлар бузилишга тушган. Вакилнинг аралашуви билан, мурожаатда қайд этилган фуқароларнинг 35 та савдо дўконлари учун 8 нафарига 781,4 млн сўм миқдорида компенсация пули тўланиб, 6 нафарига 315,9 млн. сўм компенсация пулларини тўлаш бўйича вилоят ҳокимлигига сўров киритилди.

Ёки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) номига фуқаро М.А. ва бошқалар мурожаат қилиб, Тошкент вилояти Охангарон шаҳридаги яшаб турган уй жойлари 2018 йил Охангарон шаҳар ҳокимиятининг маъсул мансабдор шахслари томонидан олдиндан хабардор қилинмасдан ҳамда розилиги олинмасдан бузиб ташланганлигини билдиришди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5495-сонли Фармони билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши ҳамда ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

- турар жойи давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилганлиги боис унга турар жой қуриш учун мутаносиб равишда ер майдони ажратиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжуд бўлсада узоқ йиллар давомида суд қарори маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ўз вақтида ижро этилмаяпти.

Масалан, фуқаро М.М.нинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)га ёзган мурожаатидан аниқланишича Хива шаҳар адлия бўлими фуқаро М.М.нинг манфаатларини кўзлаб Хива шаҳар маъмурий судига турар жойи давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилганлиги боис унга турар жой қуриш учун мутаносиб равишда ер майдони ажратиш мажбуриятини Хива шаҳар ҳокимлигига юклаш юзасидан қилган даъво аризаси суд тамонидан қаноатлантирилган ва ижрога чиқарилган. Ижро ўз вақтида амалга оширилмаганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти Хива шаҳар бўлими томонидан Хива шаҳар ҳокимлиги зиммасига талабнома юборилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 82-модасида ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек унинг ижросига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

- давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган кўчмас мулк ўрнига берилиши керак бўлган турар жойнинг ўз вақтида қуриб битказилмаслиги ҳамда ижара шартномаси асосида вақтинча яшаб келаётган фуқароларга уй жой учун тўланиши керак бўлган ижара пуллари етарли миқдорда ва белгиланган вақтида берилмайди.

Масалан, фуқаро К.Н. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)га мурожаат қилиб Бухоро шаҳар ҳокими бошчилигида 3 томонлама шартномада тузилганлигини, унга кўра қурилиш 1 йил давомида тугатилиши, шунингдек қурувчи вазифасини бажармаган ёхуд банкрот бўлган тақдирда барча қурилиш ишларини шаҳар ҳокимлиги бажариши лозимлиги назарда тутилган бўлсада, ушбу мажбуриятлар 2 йил давомида бажарилмаган ҳамда аренда пуллари 2 йил олдинги миқдорда берилган.

- хусусий мулк дахлсиз ва у давлат ҳимоясида бўлсада судлар томонидан мулкдорни мажбурий тарзда яшаш имкониятига эга бўлмаган, умуман бошқа ҳудудга кўчириш ҳақида қарор қабул қилинмоқда.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро суди ҳал қилув қарори билан даъвогар “PERSPECTIVE-BUILDING” МЧЖнинг фуқаро Д.Х.га нисбатан турар жой берган ҳолда уй жойдан кўчириш ва фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантирилган. Суд ҳал қилув қарорини чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомни асос қилиб олган. Ваҳоланки, мазкур қарор ўз кучини йўқотган (01.01.2020й.).

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида” Қарорининг 24-бандида ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, шу уй-жойларда яшовчи фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликларга эга бўлган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этган ҳолда шу аҳоли яшайдиган пунктдан санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган ҳамда шу аҳоли пункти жойлашган ҳудуддан турар-жой берилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилиши белгиланган.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5495-сонли Фармони талабларига зид тарзда фуқароларнинг ер участкалари бошқа мақсадларда (тадбиркорлик мақсадларида) олиб қўйилмоқда.

Ваҳоланки фармонда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш мақсадлари аниқ белгилаб ўтилган.

- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

- халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

- фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

- автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

- аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

- баъзи ҳолларда маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини кафолатловчи ҳужжатлари атайлаб йўқотилмоқда.

Масалан, Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар қўрғонида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ж.нинг мурожаатида маълум қилишича, 1994 йил 24 декабрдаги ҳокимнинг қарорига асосан унга қонуний тегишли бўлган уй жойини давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари ҳеч бир асоссиз қалбаки деб топилиб, унинг кўз ўнгида йиртиб ташланган. Ҳозирги кунга қадар фуқаро М.Ж. ногирон турмуш ўртоғи билан уй жойга эгалик ҳуқуқини қайта тиклаш масаласида масъул мансабдор шахсларга мурожаат қилиб келмоқда.

Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 27-моддаси билан жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагилар таклиф этилади:

- давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган (сабаби кўрсатилган ҳолда) ер участкалари жойлашган ҳудуд ҳақидаги барча маълумотлар маҳаллий ҳокимиятнинг расмий веб сайтида эълон қилиниши лозим;

- ҳудудларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан таклиф қилинадиган барча уй жой ва бинолар манзиллари аниқ кўрсатилган электрон база шакллантирилиши ва фуқаро уни бориб кўриш имкониятига эга бўлиши лозим. Ушбу ҳолат шаффофликни таъминлайди ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳокимият ва фуқаро ўртасида юзага келадиган турли низоларни олдини олади;

- давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган хусусий мулк ўрнига ажратиладиган мулк, уй-жой ёки бино объектининг фуқароларга берилиш муддати аниқ қилиб белгилаб қўйилиши, бунда ҳар бир кечиктирилган муддат учун фуқарога пеня тўлаш зарур;

- судлар томонидан уй жойдан кўчириш ҳақидаги ҳал қилув қарори қабул қилинаётганда айнан шу аҳоли пункти жойлашган ҳудуддан турар-жой берилиши лозимлигига, таклиф этилаётган уй жой барча қулайликларга эгалигига, фуқароларнинг иш ёки ўқиш масканига яқинлигига алоҳида эътибор қаратилиши шарт.

Жасур ИСЛАМОВ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)

Котибиятининг Мурожаатлар билан ишлаш сектори мудири