Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Алия ЮНУСОВА Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил
Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий муассасаларида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўрганиш натижалари

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги «Меҳрибонлик» уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Бугунги кунда Халқ таълими вазирлигига қарашли 17 та “Меҳрибонлик” уйлари ва 4 та Болалар шаҳарчаларида 2047 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганлар тарбияланмоқда. Айни пайтда Республикадаги 2047 нафар тарбияланувчидан чин етимлари сони 316 (15,5%) нафарни ташкил этади, 506 (24,7%) нафарининг отаси ёки онаси бор, 770 (37,6%) нафар бола оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир. 235 нафар кам таъминланган оила фарзандлари “Меҳрибонлик” уйларида яшамоқда. Уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор. Битта болани “Меҳрибонлик” уйида тарбиялаш ҳозирда давлатга бир ойда 2,5 млн сўмга тушмоқда.

Ушбу ҳолатни ўрганилган барча “Меҳрибонлик” ва болалар уйларида кўришимиз мумкин. Қашқадарё вилоятидаги 5-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари жами 83 нафар бўлиб, бор йўғи 15 нафари чин етим, 27 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, 4-сонли “Меҳрибонлик” уйининг жами тарбияланувчилари 97 нафар, чин етимлар 29 нафар, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 34 нафар, Фарғона вилоятидаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида жами тарбияланувчилари 153 нафар, чин етимлар 14 нафар, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 20 нафар, 12-сонли “Меҳрибонлик” уйида жами тарбияланувчилари 139 нафар, чин етимлар 15 нафар, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 6 нафар, ёлғиз она фарзанди 44 нафар, Андижон вилоят болалар шаҳарчасида жами тарбияланувчилари 90 нафар, чин етимлар 23 нафар, кам таъминланган оиланинг фарзандлари 12 нафар. Бухоро вилоят 32-сонли “Меҳрибонлик” уйларида 103 нафар болалар таълим тарбия олишмоқда. Уларнинг 3 нафари чин етим, 18 нафарининг ё онаси ёки отаси борлар, 46 нафарининг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, 13 нафари кам таъминланган оила болалари, 6 нафарининг ота-онаси озодликдан маҳрум қилинган, 6 нафар ногирон оила фарзандлари, 12 нафари ота-онаси воз кечганларни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “етим бола” тушунчасига тариф берилган бўлсада, “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар уйларида чин етим, чала етим, ижтимоий етим, ярим етим каби сўзлар билан етимлик тушунчасига ўзларича ёндашмоқдалар. “Меҳрибонлик” уйи тўғрисидаги низомга асосан кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилиниши, уларнинг бундан кейин “Меҳрибонлик” уйида бўлиши тарбияланувчи яшайдиган жой бўйича васийлик ва ҳомийлик органининг хулосасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ҳал қилиниши белгиланган. Лекин бундай болалар йиллаб муассасаларда ҳокимлар қарорлари асосида қолиб кетмоқда. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар-жой билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган бўлса-да, жойларда бу борадаги аҳвол қониқарли эмас.

Мониторинглар давомида ўрганилган “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари 2020 йилнинг 6 ойи давомида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилмаган ва соғломлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланди. Тарбияланувчиларни СанҚваМ талаблари бўйича рационал овқатлантирилишига етарли эътибор берилмаябди.

Албатта, давлатимиз томонидан бу болалар доимий эътиборда, қўллаб-қувватлаб келинади. Президентимизнинг 2019 йил 12 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар белгиланди. Таъкидлаш жоизки, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясининг талабларига асосан бола оила ғамҳурлигида ўсмоқлиги ва буни давлат томонидан таъминлашда кўмаклашиши лозимлиги кўрсатилган ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 65-моддасида ушбу норма ўз аксини топган.

Давлатимиз томонидан қабул қилинган соҳага даҳлдор Қонун ва қонун ости ҳужжатларида болаларнинг “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланишига оҳирги чора сифатида қараш лозимлиги, етим ва ота она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муқобил тарзда жойлаштиришнинг қўйидаги йўналишларидан самарали фойдаланиш зарурлиги белгиланган.

Биринчидан болани васийлик ёки ҳомийликка бериш.

Иккинчидан болани фарзандликка бериш (Бугунги кунда васийлик ва ҳомийлик органларида 66 минг бола рўйхатда турибди. Шунинг 32 минг нафари фарзандликка берилган).

Учинчидан болани оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида патронатга (оила тарбиясига) бериш.

Жами 33610 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар васийлик ва ҳомийлик органлари назоратига олинган, шундан 12796 (38 %) нафари фарзандликка, 14436 (43%) нафари васийликка, 5941 (17,7%) нафари ҳомийликка, 437 (1,3%) нафари оилага тарбияга (патронатга) берилган.

Сўнги 5 йилда (2015-2019 йилларда) Республикамиздаги “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда Болалар шаҳарчаларини жами 1112 нафар, 2020 йилда эса 336 нафар тарбияланувчилар битирган. 2015-2019 йиллардаги битирувчилар 100 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. 626 нафари ишга жойлаштирилган. Битирувчиларнинг 43 нафари чет давлатларга ишлаш ва яшаш учун чиқиб кетган. 01.11.2020 йил ҳолатига 345 нафар битирувчиларнинг бандлиги таъминланмаган.

Болалар оилаларга тегишли, “Меҳрибонлик” уйларига эмас.

Биринчидан, институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланиши (руҳий ва жисмоний ривожланиши)га салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.

Иккинчидан, тажовузлар хавфининг юқори экани.

Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажавузларни бошдан кечиришади. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлишади.

Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчалари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади. Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.

Учинчидан, балоғатга етгандаги муаммолар

Институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади. “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб қолиши, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши, жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва улар ҳаттоки ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.

Кўплаб оилаларда болалар одатда овқат тайёрлаш, кир ювиш, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни сотиб олиш ва бошқа шу каби майда-чуйда ишларни ўзлари қиладилар ва бу борада мустақил қарор қабул қила оладилар, бироқ болалар уйларида бу каби ишларни бошқалар улар учун қилиб берганлари сабабли уларда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Мустақил ҳаёт кўникмалари мавжуд бўлмагани натижасида улар жамиятдаги мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда чиқарилади.

Туртинчидан, болалар уйлари давлат буджетига жуда қимматга тушади.

Иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари. Молиявий харажатлар бир тараф, лекин маънавий зарарни таққослаш қийин.

Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз.

Агарда етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечилиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўларди.

Болалар уйларини ёпиш зарурлиги ҳақидаги гап кетганида, биринчи навбатда оилаларнинг ажралиб кетишига барҳам берадиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда ўз оилалари билан яшай олмайдиган болаларга муносиб муқобил таклифларни тақдим этиш зарур. Иккинчидан, инсоний ва молиявий ресурсларни қайта йўналтирган ҳолда болаларни босқичма-босқич муассасалардан уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келадиган васийликнинг оилавий шаклларига ўтказиш зарур.

Энг асосийси — етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда инклюзив (уйғунлашган) ривожланишга кўмаклашиш зарур.