Баъзи ҳолларда эса ходимларни асоссиз ишдан бўшатиш, ҳоллари ҳам кузатилди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йил давомида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Омбудсманга 1000 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.
Мурожаатлар бўйича давлат органлари ва идораларга Вакил хулосаси ва тақдимномалар киритилди. Натижада 439 млн сўмга яқин ойлик иш ҳақи ундирилди. Асоссиз равишда ишдан бўшатилган 13 нафар фуқаро иш жойига қайта тикланди, 12 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 14 нафар болали оилаларга 31 млн сўмдан ортиқ нафақа ёки моддий ёрдам пуллари тайинланди, 5 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.
Таъкидлаш лозимки, меҳнат қонунчилиги бузилгани юзасидан Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га келиб тушаётган мурожаатлар оқими ҳали ҳам катта.
Давлат раҳбари пандемия шароитида юқоридаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали улар даромадларини ошириш мақсадида қатор фармон ва қарорларга имзо чекди. Жумладан, 2020 йил 19 март кунги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан, асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси, васийлари, ҳомийлари билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши таъқиқланди.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 111-моддасида ҳам “Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.” эканлиги белгилаб қўйилган.
Шундай экан, амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ассоссиз равишда ишдан бўшатилган ходимлар, бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, Касаба уюшмасига, Бош Прокуратурага, судга қолаверса, Парламент ва Омбудсманга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.
Шу нуқтаи назардан, жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Х.Ш. ишга қайта тиклаш масаласида мурожаат қилган эди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, собиқ ходим 2013 йил 4 декабрдан буён Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани ҳокимлиги молия бўлими юристконсульт лавозимида ишлаб келган. Пандемия шароитида Молия вазирининг 2020 йил 14 сентябрдаги туман (шаҳар) молия бўлимларидаги юристконсульт штат бирликларини қисқартиришга оид буйруғига асосан 2020 йилнинг 6 октябрь куни Х.Ш. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Орадан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтгач эса Молия вазирининг юқоридаги буйруғига ўзгартириш киритилиб, туман (шаҳар) молия бўлими юристконсульт ходимлари ишга қайта тикланган. Афсуски, Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани ҳокимлиги собиқ юристконсульти Х.Ш.ни 2021 йилда ҳам ишга тикламаган.
Шундан сўнг Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ишга тиклаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдимнома киритилган. Натижада ходим қайта лавозимига ишга тикланиб, унга етказилган маънавий зарар учун 1,5 млн сўм ҳамда мажбурий прогул учун 7 млн сўмдан ортиқ компенсация пуллари ундирилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) барча давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларини ўз ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилишга, Меҳнат кодекси билан иш берувчига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаришга чақиради.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати