Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Бухоро вилоятида бўлиб, инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганди
Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномасида Омбудсман зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса ҳудудлардаги инсон ҳуқуқларини таъминланиши ҳолатини ўрганиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигидаги эксперт гуруҳи жорий йилнинг 25-27 март кунлари Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш, ушбу гуруҳлар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ва мунтазам ёритиш вазифаси юклатилган.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 25-27 март кунлари Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи томонидан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилоятидаги 1, 17, 20-сонли жазони ижро этиш колонияси, 4-сон тергов ҳибсхонаси, Бухоро вилояти ИИБ Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази, Вояга етмаган шахсларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, Бухоро шаҳар ИИОФМБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Мониторингнинг Эксперт гуруҳи таркибида Омбусдман, сенатор, Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили, Омбудсман Котибияти вакиллари, Омбудсман ҳузуридаги комиссия аъзолари, давлат идоралари ва ҳокимияти, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мониторинг давомида муассалардаги ошхона ва маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёни билан танишилди. Таомнома менюси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари кўздан кечирилганда озиқ-овқат таъминоти меъёрларига амал қилинаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, маҳкум ва маҳбусларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам масаласи юзасидан ёпиқ муассасалардаги тиббиёт бўлимлари ўрганилганда дори-дармон, ускуналардан камчилик ва муаммолар йўқлиги, шароитлар қониқарли даражада эканлиги лекин, кадрлар масаласида тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари пастлиги сабаб вакант ўринлар борлиги аниқланди.

Эксперт гуруҳи аъзолари колониялардаги қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув хоналари ҳамда телефон сўзлашув хоналарида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишишди. Объектларни ўрганиш давомида маҳкумларни яқин қариндошлари учрашувга келганларида, улар учун колония ташқарасида кутиш жойлари қилинмагани, савдо дўконларидаги маҳсулотлар нархи қиммат экани, қолаверса, муассасада жойлашган ишлаб чиқариш  цехларининг айрим буюртмачилари томонидан келишилган шартнома талаблари бажарилмаганлиги сабабли маҳкумларнинг ойликлари кечикаётгани аниқланди.

Мониторинг давомида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи аъзолари муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказилди.

Жамоавий учрашувлар давомида маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил тўхталиб ўтилиб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари юзага келган тақдирда Омбудсманга мурожаат қилишлари кераклиги тушунтирилди. Маҳкумлар билан ўтказилган якка тартибдаги қабулларда эса муассасада уларга қандай муносабатда бўлаётганликлари, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бор ёки йўқлиги, маҳкумлар учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикрлар ўрганилди. Маҳкумлардан келиб тушган мурожаатлар асосан суд-тергов жараёни билан боғлиқ ва яшаш жойларига яқин ҳудудга кўчириш бўйича бўлди.

Бухорога ташриф доирасида вилоят ИИБ Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази, Вояга етмаган шахсларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, Бухоро шаҳар ИИОФМБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига ҳам  мониторинг ташрифи амалга оширилди шунингдек, жойларда Омбудсманнинг сайёр қабуллари ташкил этилди.

Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи эксперт гуруҳи томонидан республика бўйлаб жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига мониторинглар давом эттирилади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати