Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
4-курсга ўтмаган 6 нафар талаба Омбудсман аралашуви билан ўқишга тикланди
Жорий йилнинг февраль ойида Бухоро вилояти, Бухоро туманидан фуқаро Р.Субхонов Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан олинган имтиҳон натижаларидан норози экани, набираси А.Рахмонов ва яна беш нафар талабаларга қайта имтиҳон топшириш имконияти берилишини сўраб мурожаат қилган.

Фуқаро Р.Субхонов ўз мурожаатида ушбу масалада бир йил мобайнида кўплаб юқори турувчи ташкилотларига мурожаат қилганлиги, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаганлиги сабабли, сўнгги имкониятлардан бири сифатида Омбудсманга мурожаат қилганлигини маълум қилган.

Шунингдек, мурожаатда қайд этилишича, пандемия шароитида мурожаатчининг набираси А.Рахмонов қишлоқдаги электр узилишлари сабаб, назорат ишларини бажариб, мавжуд модул (масофадан ўқитиш курслари ўқув портали) тизимини юклашда қийинчиликларга дуч келган ҳолда ўқишни давом эттирган. Лекин, ўқитувчи талабаларга имкон бермасдан уларни оралиқ ва якуний назорат ишларини топширишга қўймаган ва академик қарздор қилган. Шундан сўнг, ўтган йилнинг декабрь ойида жами 6 нафар курсда қолдирилган талабаларнинг ота-оналари тегишли вазирлик ва идораларга фарзандларига яна бир имкон берилишини сўраб мурожаат қилган. Бундан норози бўлган университет ўқитувчиси талабаларнинг модул тизимида тўплаган балларини инобатга олмай, уларга паст баҳо қўйиб, курс ишидан йиқитган ва 6 нафар талабани курсда қолдирган.

Ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олингач, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 19 февралдаги 92-сон буйруғига асосан имтиҳон олиш учун ҳолис ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳи тузилди ва А.Рахмонов ва 5 нафар талаба ҳолисона имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлишди. Натижада талабалар барчаси имтиҳонлардан ўтиб, 4-курсга тикланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати