Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОМБУДСМАН: БАРЧА ХОТИН-ҚИЗЛАР ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик, руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилаётгани, уларни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борилаётгани билан боғлиқ ноҳуш хабарлар кўп тарқалмоқда. Бир нарса аниқки, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари аслида бундан-да кўп бўлиши мумкин. Буни инкор эта олмаймиз. Чунки, ўзбек аёли қанчалик қийналса ҳам, уни ижтимоий тармоқлар у ёқда турсин, ҳатто маҳалла-кўй, таниш-билишларига ҳам ошкор этишни истамайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра,
15 ва 49 ёшидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда.

Айтиш жоизки, Бош прокуратура ўз хисоботида, 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 27,7 фоизга ошганлигини баён қилган. Бу жуда ачинарли... Фоиз ҳисобида кўрсатилган ушбу рақамлар ортида нечта қизнинг синган тақдири, топталган шаъни ва қадр-қиммати ётибти экан.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига йўлланган мурожаатлар таҳлили, 2021 йилнинг 15 апрелига қадар хотин-қизлар томонидан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушганини кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.

Жумладан, фуқаро М.М. 2013 йилда сурхондарёлик йигитга турмушга чиқиб, 2 нафар фарзанд дунёга келтиради. У ўз мурожаатида турмуш ўртоғи кўп йиллардан буён доимий равишда кийноққа солиб, руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётганлигини ёзиб, турмуш ўртоғига нисбатан тегишли чоралар кўришни ва ҳимоя ордери олишда ёрдам сўраган. Омбудсман мазкур аризани назоратга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганди. Натижада фуқаро М.М.га 2021 йил 10 февраль куни “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун ҳимоя ордери” тақдим этилди. Аёллар қадрланадиган мамлакатда хотин-қизлардан шу каби мурожаатларнинг келиб тушиши киши кўнглини ғаш қилади албатта.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси 1995 йил қўшилган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенциясининг 3-моддасига асосан, иштирокчи давлатлар эркаклар билан тенглик асосида хотин-қизларнинг инсон хуқуқлари ҳамда асосий эркинликларини рўёбга чиқаришлари ва улардан фойдаланишларини кафолатлаш мақсадида хотин-қизларнинг ҳар томонлама ривожланишини ва тараққиётини таъминлаш учун барча, хусусан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамма тегишли чораларни, шу жумладан қонунчилик чораларини кўришлари белгиланган ва бугунги кунда қонунчилигимизга имплементация қилинган.

Миллий қонунчилигимизда авваламбор Конституциямиз, шунингдек халқаро стандартларга мос хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи махсус қонунлар, шунингдек бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида жинс бўйича камситишга йўл қўймаслилик ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш кафолатлари белгиланган.

Қолаверса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ нормалар ўз аксини топган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4 январь куни 3-сон Қарори билан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низом билан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини берилиши ва тазйиқ ва (ёки) зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга бир қатор чекловлар ёки тақиқлари ўрнатилиши, келгусида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳимоясига қаратилган шунча ҳуқуқий механизмлар бўла туриб, уларнинг тахқирланаётганликлари албатта ачинарли. Биз барчани, шу жумладан халқ ичида юриб, улар дардини кўтараётган журналист ва блогерларни юқоридаги салбий ҳолатлар билан курашишга чақирамиз ва улар билан ҳар доим ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Барчамиз ёдда тутишимиз зарур! Барча хотин-қизлар давлат ҳимоясида. Ҳеч ким уларни таҳқирлашга, ҳуқуқларини поймол этишга ва эркинлигини чеклашга ҳақли эмас!  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати