Кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи фуқаро Х.Й ўз мурожаатида фарзандларидан бири 2-гуруҳ ногирони эканлигини билдирган. Шунингдек, мурожаат муаллифи ногиронлиги бўлган боласига алоҳида парвариш кераклиги сабабли, рўзғорни фарзанди учун бериладиган нафақа пули орқали тебратишини билдирган.
Ушбу мурожаатни назоратига олган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳолатни ўрганиш давомида, ушбу оилага 2018 йилда Бойсун туман ҳокимлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида сертификат асосида намунавий уйлардан бири берилганлиги, лекин, фуқаро ойлик кредит тўловларини тўлашга қўли калталик қилгани сабабли 3 ойдан сўнг турар-жой олиб қўйилганлиги аниқланди. Ёлғиз онанинг сўзларига кўра, унга карантин даврида ҳам ҳокимлик томонидан моддий ёрдам кўрсатилмаган.
Мазкур мурожаат юзасидан, Бола ҳуқуқалари бўйча вакил Сурхандарё вилояти ҳокимлигига мурожаат қилиб, фуқаронинг турмуш шароитини инобатга олиб, унинг муаммоларинин зудлик билан ҳал этилишини ва мунтазам равишда ушбу оилага моддий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Натижада уйи асоссиз равишда тортиб олинган фуқаронинг уй учун тўлаши керак бўлган жами 19.000.000 (ўн тўққиз миллион) сўм Вилоят ҳокимлигининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Шунингдек, мурожаатчи “Темир дафтар”га киритиш орқали уни доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати